Репетитор “билим“, мактаб “аттестат“ беради дегани умуман нотўғри фикр

Республикамизнинг энг нуфузли газеталаридан бўлган, кўпдан буён халқимизнинг маънавий дунёсини бойитиб, тўғри йўл кўрсатиб, давлат қарорлари ва халқ фикрларини кўпчиликка етказиб келаётган тўртинчи ҳокимият идорасининг сардорларидан бири “Еркин Қарақалпақстан” газетасида 2020 йил январь ойининг 9-санасида атоқли журналист Ўмирбай Ўтеулиевнинг “журналист фикр ташлайди” рубрикасида “Репетитор “билим”, мактаб “аттестат” беради” номли мақоласи эълон қилинди. 
Мақолада бугунги кунда жуда кўпчилик ўқувчиларда билимга қизиқишнинг пасайиб кетганлиги, репетитор ва мактабнинг таълимдаги ўрни ҳамда таълим соҳасида анча камчиликларнинг мавжудлиги каби масалалар кўрсатиб ўтилган.
Албатта, ҳозирги эркин фикр, яъни плюрализм шароитида ҳар ким ўз мулоҳазаларини билдиришга ҳақли. Ушбу кўз қарашдан Ўмирбайнинг эркин фикрлилиги ва миллат келажагининг фундаменти бўлган таълим соҳасига жон куйдириши таҳсинга сазовор. Мен унинг айрим фикрларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, “Репетитор “билим”, мактаб “аттестат” беради” деган иддаосига, майли у қўштирноқ ичида бўлсин, қўшила олмайман. Ҳатто унинг бундай ҳукмига орим келди. Майли, мактаб ишида камчиликлар бўлсин, аммо унинг фақат аттестат беради деган сўзи одамзод тарихида шарафли ўрин эгаллаган, “халқнинг муқаддас даргоҳи” деб баҳоланган маскан учун ножоиз, албатта. Халқимиз билимсиз, жоҳил одамни “мактаб кўрмаган” деб баҳолайди. Қандай буюк шахслар бўлмасин, у аввало мактабда таълим олади. Ҳозирги пайтда ҳурматли Президентимиз мактаб ишининг давлат сиёсати даражасида эканлигини таъкидлаб, миллиардлаб харажатлар сарфлаётган бир пайтда мактабга берилган бундай баҳога кимнинг бўлса-да ори келади.
Журналист сўзининг бошида сўнгги йиллар халқ таълими соҳасидаги муваффақиятларни И.Юсупов номидаги иқтидорли болалар ва Президент мактаби очилиши билан боғлайди. Аммо республикамизнинг 725 умумтаълим мактабларидаги мақтанса арзигудек ютуқларни, ўқитаётган ниҳолларининг репетиторларсиз олий ўқув юртларига кираётганини эсга олмайди. Чимбойнинг 5-сонли умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Дилмуратов Дамирнинг 2019 йил 1-6 август кунлари Жанубий Африка давлатининг Дурбан шаҳрида ўтказилган Халқаро математика баҳсида бронза медали соҳиби бўлганлигининг нуфузи қанча. Бу албатта, мактаб билим бериш салоҳиятининг ҳали ҳам юқори эканлигини кўрсатади.
Муаллиф мақоласида репетиторга жуда юқори баҳо беради. Аслини олганда, репетитор билим бера олмайди. Билим деган боланинг миясида тошга босилган муҳрдай мангу қоладиган бойлик. Репетиторнинг берган тушунчаси эса фақат тестгача таянч холос, тестдан кейин у ўчиб кетади. Муаллифнинг ўзи таъкидлаганидек, репетиторнинг фаолиятида халтура, бировни ёллаш ҳам учрайди. Натижада репетитор ўртача ўн болани тайёрласа-ю, улардан икки-учови ўқишга кирса, шунинг ўзи унинг обрўси. Афсуски, тест жараёнидан кейин нечта абитуриент репетитор “ёрдамида” ҳам ўқишга кира олмаганини жамоат фикри асосида таҳлил қилинганда эди, оқ билан қора аниқ кўринарди.
Журналист мактаб ўқитувчилари нима учун репетитор даражасига тенглаша олмайди деган тўғри савол қўйиб, унга “ўқитувчиларнинг қотиб қолган мактаб дастуридан чиқа олмаслиги, мактабнинг материал-техник базасининг пастлиги, иш ҳақининг озлиги, қоғозбозлик шунингдек, “биз билиб билмаган турли сабаблардан” деб таъкидлайди. Бу таъкидларга тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Чунки ўқув дастури репетиторларга ҳам, ўқитувчига ҳам бирдай, ўқитувчида меҳнатига яраша ойлиги ҳам бор, ойлик маоши ҳам ҳар сафар оширилиб бормоқда. Репетиторда материал-техник база деярли йўқ, ўқитувчида эса етарли даражада. Аслини олганда бу камчиликнинг асосий сабаби айрим ўқитувчиларнинг ўзидаги ялқовлик, бепарволик, ўзибўларчилик ва назоратнинг тубанлиги ҳамда бошқарув тизимидаги сансалорликда.
Тўғрисини айтганда, Ш.Мирзиёев элимизга президент бўлиб сайлангунга қадар, мактаб ишлари қишлоқ хўжалигига бўйсундирилди, ўқитувчи эса қишлоқ хўжалиги хизматкорига айланди. Пахтани яганалаш, бегона ўтлардан тозалаш, йиғим-терим ва яна бошқа ишлар ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ эди. “Пахта сенинг тақдиринг”, “ўқитувчиларнинг ойлиги – сенинг фаровон турмушинг гарови” деган гаплар мажлисларнинг катта минбарларида жаранглади. Ўқитувчининг обрўси яхши ўқитишида эмас, нечта болани пахтага олиб чиқишида, неча кун пахтада бўлишида эди. Бу ҳодисага ўқитувчи ҳам кўникиб қолди. Унинг болани яхши ўқитишига иштиёқи ҳам пасайди. Бу жараён айниқса, дарс беришни хуш кўрмайдиган ўқитувчига қўл келди. Қанча йиллар Совет ҳукумати даврида авж олган зўравонлик натижасида мактабдаги ўқув ночорланиб қолди. Бундан ташқари, ўқитувчининг турмуши тубанлашиб кетиши оқибатида, у ўз ўрнига бировни ёллаб, бир-икки ой иш излаб кетганлари ҳам бўлди. Бундай нохуш аҳволдан Президентимиз Шавкат Мирзиёев қутқарди.
Лекин уч йил ичида ўқитувчи психологиясини ўзгартириш осон кечмаяпти. Энди ўқитувчи халқини уйғотиш, ўз касбини севиш, бепарволикдан қутқариш масаласи маориф соҳасини бошқаришнинг долзарб масаласи сифатида ўртага чиқди. Мазкур масалада энг аввало, масъулиятни кучайтириб, бепарволикни йўқотиш муҳим эканлигини ҳозирги таълим соҳаси раҳбарларининг сўз юритилаётган мақолага муносабатидан ҳам пайқаш қийин эмас. Айтайлик, бундан деярли бир ой олдин нашр қилинган бу баҳсли мақолага 725 умумтаълим мактаблари директорларининг, кўп сонли таълим раҳбарларининг бир оғиз илло деб оғиз очмаганлиги, фикр билдирмаганлиги, уларнинг фаолиятига журналист томонидан берилаётган баҳога беэътиборлигининг далили эмасми?
Агар ҳар бир таълим соҳасидаги мактаб, муассаса раҳбарларида ўз ишига ҳурмат бўлмаса, ўз иши учун куйиб ёнмаса, қандай шароитлар яратилаверса ҳам иш олға силжимайди.
Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йили республика миқёсида 55 та хусусий мактаб ташкил қилиниб унинг сони беш йилда 141 тага етказилади деган хушхабарни етказди. Худди ана шу савобли ва манфаатли иш учун, бола туғилганидан бошлаб ёзилиб, бадалини тўлаб қўядиган мактабларга ва уларни битирганлар дунёнинг энг олий ўқув юртларига тўхтамасдан кираверадиган хусусий даргоҳга раҳбарлик қила оладиган шахс ҳозирги бизнинг мактаб директорларининг ичидан чиқармикан? Бундай дейишимизнинг сабаби бизда ҳали лоқайдлик, пассивлик иллати устунлик қилиб, “мендан ўрнак олинг”, дейдиган ўқитувчилар, директорлар топилмаяпти. Яна бир диққат қаратадиган масала, ўқитувчи обрўсини кўтариш, рағбатлантириш, мактабни ҳимоя қилиш зарурати.
Тарихдан маълумки, авваллари ўқитувчининг ўрни жуда ҳурматли эди. У меҳрибон, у ақлли, у билимдон, фидоий раҳнамо бўлди. Ўқитувчилар обрўси эъзозланиб роман, повестлар, поэмалар ёзилган. Ч.Айтматов, Т. Қайипберганов, И.Юсуповларнинг асарлари уларга мадад ва мартаба берди. Ҳозир эса бирон бир ёзувчи ёки шоир бу масалани қўзғаган эмас. Чунки ўқитувчининг жамиятдаги обрўси паст. У Ч.Айтматов айтганидек, “қассобдан қарздор” бўлиб қолди. Биздаги пахта ҳукмронлиги йилларида эса ўқитувчи табелчининг олдида тили қисиқ бўлиб яшади.
Галдаги таълим сифатини кўтарадиган асосий масала ёшларнинг касб танлаш масъулиятини қўлга олиш. Президентимиз Мурожаатномасида таъкидланганидай келажакда республикамизда 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрланади. Демак, ҳар бир ёш бу ихтисослик тизимида ўз ўрнини топса, айни муддао бўлади. Ҳозир мактабни битираётган ёшларга қайси институтга киргинг келади деб сўрасангиз, “қайдам, дадам билади” деб жавоб беради. Энди битирувчи талабалар орасида ижтимоий сўров ўтказиб ушбу битираётган мутахассислигингга розимисан деган савол қўйилса, ўттиз боладан кам деганда 5-6 таси ўқишни қайтадан бошласам, бошқа йўналишни танлардим дейди. Бу нақадар даҳшатли воқеа, қанча меҳнатнинг зоё бўлиши. Бу эса давлат манфаатига ҳам боланинг келажагига ҳам катта зиён. Демак, ёшларни касбга йўналтириш таълимнинг энг долзарб масаласидир.
Муаллиф мақоласида ўтган асрнинг 60-80-йиллари мактабларда ўқитиш сифати жуда яхши эди, дея тўғри таъкидлайди. Бу фикрига мисол сифатида 1972 йил Нукусдаги Терешкова номли мактабнинг ўқитувчиси Қирмизи Давлетова раҳбарлигида тарбия олган ўнинчи синфдан йигирма саккиз бола ўз кучи билан репетитор ёрдамисиз Тошкент, Самарқанд, Нукус олий ўқув юртларига кирганини баён қилади. Уларнинг кўпчилиги атоқли сиймолар бўлиб етишиб ҳануз устозини унутмайди. Бу эса ўқитувчининг холис ва жон дилдан хизмат қилиши, ўз касбини эъзозлаши, жонкуярлиги ва меҳрибонлигининг самараси эди.
Демак, репетиторга ишониб, у фақат билим беради деб ҳисоблаш, бу баҳсли фикр. Репетиторлар ҳам одам, унинг қўлидаги ўқув материаллари ўқитувчида ҳам бор. Ўқитувчи ҳам улар каби олий таълим олган. Аммо улар билан бир хил шароитдаги, давлат ғамхўрлигидаги, эзгу меҳнатидан қўшимча манфаатдор бўлаётган ўқитувчининг, репетитордан тубан бўлиши, ўзини ҳурмат қиладиган ўқитувчига ярашмайди. Унинг ҳам қўлидан келади, бироқ қунти йўқ, ўзига-ўзи рози эмас, ватанпарварлик туйғуси ривожланмаган деб қарамасликдан бошқа иложимиз йўқ.
Айрим мактаблардаги ўқувчиларни сўнгги синфда репетиторларга жўнатиш, журналист айтганидек жуда хато, жиноий иш, обрўсизлик, бепарволик ва чорасизликнинг натижаси.
Муаллиф бу масалада “юқоридаги” расвогарчиликка кўз юмиб ўтирганларнинг, ўз бурч ва вазифасини бажара олмаётганлигини тўғри таъкидлаган. Аслида бу камчиликларнинг туб замири раҳбарларда. Журналистнинг вазирлик ходимлари кўз юмиб ўтирибди деган сўзлари мумкин, тўғридир. Лекин унинг асоси, уларнинг рўй бераётган камчиликларни тузатишдаги лаёқатсизлиги ва журъатсизлигида. Бунда инглиз донишманди Бернард Шоунинг ушбу сўзлари ёдга тушади: ( Кто знает делает сам, кто не знает учит других, кто не знает того и другого учить как надо учить)
“Ким билади ўзи ишлайди, ким билмайди бошқани ўқитади, уни ҳам буни ҳам билмаган киши қандай ўқитиш кераклигини ўргатади.”
Ваҳоланки, мактабда бир кун ишламаган, таълимдан хабари йўқ инсонлар таълимни бошқарса, охири нима бўлади? Бундай ҳолат мактаб директорларини танлашда кўзга ташланади, мактаб раҳбарларининг кўпчилиги дарс ўқитмайди, ўқита олмайди. Шу сабабли Наполеон айтганидек,“қўйларни қашқир бошқарса ҳамма қўй – қашқир, қашқирларни қўй бошқарса, ҳамма қашқир қўй бўлади” деганидек, директор қандай бўлса жамоа ҳам шундай, “ҳамма тенг, ошиб бораётган ҳеч ким йўқ, худога шукур” деб яшайверади. Демак, таълим соҳасидаги раҳбарликка профессионал билимга, бошқарув қобилиятига эга, шу касбни севадиган ва ўзини кўрсата оладиган шахслардан излаш керак.
Менинг фаҳмимча, мактаб директорларидан бошлаб вазиргача бўлган ходимларнинг бирламчи вазифаси ўқитиш сифатини яхшилашни оғзаки тарзда эмас, ўз иши ва шахсий намунаси орқали кўрсатиши лозим. Уларнинг ҳар бири ўқитувчиларнинг дарсларига тез-тез кириб ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб туришни одат қилишлари керак.
Камина, 1989-1990 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири бўлиб ишлаган пайтларимда энг аввало мактаб директорларининг ва илғор ўқитувчиларнинг дарсларига киришни ўзимга вазифа қилиб олган эдим. Бир ярим йил ичимда 27 марта дарсларга кирган дафтарим ҳали сақланмоқда. Бу иш мактаб директорларига шу қадар таъсир этди, улар менинг қайси мактабга боришимни сўраб юрар ва дарсига қаттиқ тайёрланарди. Бу фақат камчилик излаш эмас, уларни сифат ва самарадорликка сафарбар қилиш, илғор ва қолоқларни аниқлаш эди.
Бугунги кунда мактаб ўқитувчисининг обрўсини кўтаришга Президентимиз катта ғамхўрлик қилмоқда. У ўзининг Олий Мажлисга мурожаатномасида 2020 йили бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм ҳисобидан 16 та янги мактаб қурилишини таъкидладилар. 211 та мактабда капитал ремонт олиб борилади, педагогик маҳоратга эга бўлиб яхши натижа кўрсатган ўқитувчиларга юқори ойлик иш ҳақи тўлаш тизими жорий этилиши ҳақида хўш хабар етказди. Демак, бундай ғамхўрлик ўқитувчиларни янада жадал ишлашга даъват этади ва шу каби мақолалар матбуот саҳифаларида тез-тез бериб борилса, “юрагида қурти бор” таълим ходимларини уйғотиб, репетиторларга ҳақини бериб қўймайди.
Ж.БАЗАРБОЕВ, академик

зА