Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳамда истиқболдаги режалар таҳлил этилди.
Депутатлар, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, олимлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов давлатимиз истиқлолга эришган дастлабки кунларданоқ Туркия Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида биринчи бўлиб расман тан олгани, ўтган давр мобайнида ўзаро алоқалар динамик тарзда ривожланаётгани, айниқса, кейинги уч йилда ўзаро ҳамкорлик турли жабҳаларда тобора чуқурлашиб бораётганини таъкидлади.
Ўзаро ташрифлар давомида Президентлар Шавкат Мирзиёев ҳамда Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган Қўшма баёнот, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, энергетика, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 40 га яқин ҳужжат имзолангани бугунги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Туркияга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангани, миллий парламентимизнинг Туркия парламенти билан алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон – Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
2018 йил 30 апрелда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқида турк халқи Ўзбекистонни ота юрти, Ўзбекистон халқини қардош халқ, Ўзбекистон Республикасини қардош давлат сифатида кўришини таъкидлаб, бу юртда етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий каби буюк алломаларнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам жаҳон илм дунёсида маёқ бўлиб нур таратаётганини алоҳида эътироф этганди.
– Ўзбек ва турк элининг алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади,–дейди Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр. – Тарихдан маълумки, қадимги Мовароуннаҳр ҳам муҳим цивилизация ва билим ўчоғи бўлган. Ота юртимиз бўлган Ўзбекистон билан ўзаро ҳурмат, тенглик асосидаги самимий муносабатларни чуқурлаштириш тарафдоримиз. Президентлар Режеп Таййип Эрдоған ҳамда Шавкат Мирзиёев Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Ўзбекистонда кейинги йилларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Туркия ушбу ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшишни истайди.
Маълумотларга кўра, жаҳон сайёҳлик соҳасида олтинчи ўринни эгаллаган Туркия бир йилда 36 миллион сайёҳни қабул қилади ва ушбу соҳадан 34 миллиард доллар миқдорида даромад кўради. Ўзбекистон фуқаролари учун 2007 йилдан буён Туркияга визасиз кириш тартиби жорий қилинган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида фармони билан турк фуқаролари учун ҳам визасиз режим жорий этилган. Албатта, бу туркиялик фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг, сайёҳлик соҳасида иш юритувчи малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонга келишини анча осонлаштирмоқда.
Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун икки давлатнинг манфаати ва, энг асосийси, хоҳиши ҳам борлиги барчани қувонтиради.