Ёшлар билан ишлаш кундалик вазифага айланиши даркор

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Авезов Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган туман ёшлари билан учрашди.
Тошкент шаҳридаги Ёшлар маркази мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодларини юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, таклиф ва муаммоларини яқиндан ўрганиб, уларнинг ўз ҳаёт йўлларини аниқ белгилаб олишларига ёрдам бериш, келажагимиз давомчилари ёшларимизни қўллаб-қувватлаши зарурлиги таъкидланди. Жумладан, жорий йилги битирувчиларга 300 дан ортиқ вакант иш ўрни таклиф қилинади.
Тадбирда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди ва улар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Ўқишда ва жамоат ишларида фаол ёшларга туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва совғалари топширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА