Айтбой Темирханов: жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик жуда муҳим

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А.Темирханов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Жумладан, Нукус шаҳрида Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг 6 та Ички ишлар бўлими, Тўрткўл тумани Ёмбошқалъа массивида Ички ишлар бўлинмаси ташкил этилди ва унда тергов, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати жорий этилди. Бу эса ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштиришга ва жойларда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ ги қарори асосида Ички ишлар вазирлигида Пробация хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Қарор ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг қайта жиноят содир этмасликларининг олдини олишда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Ўтган 2019 йилда Оролбўйи ҳудудида умумий жиноятчилик 2018 йилга нисбатан 5 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 18 фоизга камайишига эришилди. Қорақалпоғистон Республикасидаги 411 та фуқаролар йиғинининг 96 тасида жиноят камайган бўлса, 161 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Нукус шаҳрида жорий этилган “Хавфсиз шаҳар” концепцияси бўйича уч босқичли патрул хизмати ташкил этилди. Патрул гуруҳларининг бир кеча-кундуз давомида хизмат олиб бориши йўлга қўйилди ва шаҳарда жиноятчиликнинг камайишига эришилди.

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2018-2019 йилларда Нукус шаҳридаги 9 та, Тўрткўл туманидаги 1та марказий кўча чорраҳаларига қоидабузарликларни аниқлаш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилди. Шунинг натижасида ушбу чорраҳаларда бирорта йўл-транспорт ҳодисаси содир этилмади.

̶ Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг барвақт олдини олишда маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида янги тизимнинг яратилганлиги асосий омил бўлмоқда, ̶ дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Айтбой Темирханов. ̶ Тадбирни ташкил этишдан мақсад, Ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка етказишдан иборат.

Матбуот анжумани иштирокчиларининг саволларига мутасаддилар батафсил жавоб берди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА