5 та муҳим ташаббус доирасида ҳудудларга спорт карвони жўнатилди

Бугун, 15 январь куни пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда спорт жиҳозлари ва инвентарлари жой олган спорт карвонини мамлакатимиз ҳудудларига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз ёшлари маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилган эди. Ушбу ташаббусларнинг иккинчи йўналиши ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган бўлиб, ўтган давр мобайнида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

photo5258486850752982004.jpg
photo5258161481210506298.jpg

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, ҳудудий бошқармаларнинг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

-Сир эмаски, бугунги кунда муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб улғайиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши бевосита жисмоний тарбия ва спортга қаратилганлиги замирида ҳам улкан маъно мужассам, десам хато бўлмайди. Мана ҳозир Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги жами 230 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига жўнаб кетаётган спорт карвони мамлакатимизнинг эртаси бўлган ёшларни янада етук спортчилар бўлиб улғайишига хизмат қилади. Ажабмаски, улар орасидан келгусида номдор спорт юлдузлари, жаҳон ва олимпиада чемпионлари етишиб чиқса, — деди спорт карвонини кузатиш маросимида сўзга чиққан Т.Норбоева.

photo5258486850752982008.jpg
photo5258486850752982007.jpg

Шундан сўнг барча ҳудудлардан келган масъул вакилларга махсус сертификатлар топширилди ва улкан спорт карвони республикамиз бўйлаб йўлга чиқди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ёшларига жўнатилган ушбу спорт карвонидан умумий қиймати қарийб 50 миллиард сўмлик 96 турдаги спорт жиҳозлари, инвентарлари ва кийимлари жой олган. Шундан 19 миллиард 316 миллион 802 минг сўмлик спорт жиҳозлари мамлакатимиздаги 230 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига етказиб берилади.

photo5258486850752982005.jpg
photo5258486850752982003.jpg

Бундан ташқари, юртимизда волейбол спортини янада ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 30 миллиард 309 миллион 22 минг сўмлик спорт жиҳозлари, инвентарлари ва кийимлари эса республикамиздаги 7 542 та умумтаълим мактабларига жўнатилди.

 

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА