Ҳарбий округ қўшинларида 2019 йилдан анъанага кирган мазкур мусобақада ёшлар разведкачиларнинг тўсиқли йўлагини енгиши, гранатани узоқликка улоқтириши, нишонларга қарата пневматик милтиқдан ўқ узиши ва яна бир қанча синовларга бой бўлган синовларда беллашганди. Ушбу мусобақаларда округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев қўмондон кубоги учун баҳсларни мунтазам ўтказишни, ҳарбий эстафеталарда иштирок этишлари учун ёшларга ҳамма шароит яратишни ваъда берган эди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили октябрь ойида дастлаб Нукус шаҳридаги 10 та мактаб жамоалари, сўнг декабрь ойида Урганч шаҳридаги 10 та мактаблари ўртасида ташкил этилган ҳарбий-спорт эстафета ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, спортга қизиқишини орттириш ҳамда катта ҳаётга тайёрлаш мақсадларни ўзида мужассамлаштирган. Шунингдек, Президентимиз ўтган йили Сурхондарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмга ташрифи давомида ёшлар ўртасида ҳарбий-спорт мусобақаларини Мудофаа вазирлиги томонидан кўпроқ ташкил этиш вазифасини белгилаб берган эди.
Бу сафарги беллашув финал баҳси бўлиб, унда Нукус ва Урганч шаҳарларида ўтказилган мусобақаларда энг юқори натижа кўрсатган 5 тадан мактаб жамоалари иштирок этди.
Мусобақани округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Шавкат Эшчанов очиб берди ва беллашув иштирокчиларини қутлади.
Кичик дала ўқув майдонида қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган эстафета ёшларнинг жамоа бўлиб ҳаракат қила олишини кўрсатиб берди. Мусобақа шартига кўра иштирокчилар разведкачиларнинг тўсиқли йўлагидан ўтиб, зенит қурилмасининг мўлжалга олиш оптик мосламасини нишонга тўғирлаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, гранатани улоқтириш, пневматик милтиқдан мерганлик маҳоратини синовдан ўтказиш, оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя воситаларини кийиши, шартли ярадорга тиббий ёрдам кўрсатиши ва радиоалоқани ишга ҳозирлаши зарур эди.
Ҳар бир жамоадан 3 нафар ўғил ва 3 нафар қиз болалар қатнашган баҳслар давомида ҳаво ҳарорати паст бўлишига қарамасдан иштирокчиларнинг ғалабага бўлган ишончи сўнгги дақиқаларгача намоён бўлди.
Якуний натижаларга кўра Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг кубоги учун кечган финал беллашувида Урганч шаҳридаги 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Нукус шаҳридаги 19-сон ва 36-сон мактаб ўқувчилари ўзаро бўлишиб олишди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг кубоги ва фахрий ёрлиқлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги номидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан эстафета иштирокчиларига ресторанда байрамона тушлик ҳамда И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейига экскурсия ташкил этилди.