“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ташкил этилган анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Канада, Япония, Австралия, Жанубий Корея каби 18 давлатдан келган ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган 300 дан зиёд “Умид” жамғармаси битирувчиси иштирок этди.
Икки кун давом этган конференцияда мамлакатимиз вазирлик ва идораларида масъул лавозимларда хизмат қилаётган, хорижий мамлакатларда ишлаётган ватандошлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилди, истиқболдаги режаларнинг самарали ижроси юзасидан экспертлар фикрлари ўрганилди, жамиятни янада демократлаштириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда меҳмонларга “Янгиланаётган Ўзбекистон – бугунги орзулар, режалар ва эртанги истиқболлар” мавзусидаги видеоролик орқали мамлакатимизда рўй бераётган чуқур ва изчил ўзгаришлар, мавжуд имкониятлар, яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Конференция ялпи мажлисида “Умид» жамғармаси битирувчилари, бугунги кунда вазирликларда раҳбарлик лавозимида фаолият юритаётган мутахассисларнинг маърузалари тингланди. Ушбу маърузалар асосида ташкил этилган шуъба йиғилишларида мамлакатимиз тараққиёти учун долзарб масалалар Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган истеъдодли, малакали мутахассислар томонидан мунозара, савол-жавоб шаклида қизғин муҳокама қилинди. Бунда асосий эътибор мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш, таълим соҳасини ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, мамлакатнинг инновацион ривожланиш стратегияси ва унинг афзалликлари, қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш сингари истиқболли йўналишларга қаратилди.
– АҚШнинг Миссури штатида 1999-2001 йиллари ижтимоий йўналишлар бўйича магистратура босқичида таҳсил олдим, – дейди Ўзбекистоннинг Туркманистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Акмалжон Қўчқоров. – Ўзбекистонга қайтганимдан кейин Ташқи ишлар вазирлигида иш бошладим. Ўтган давр мобайнида шу тизимда ишлаб, элчи даражасигача кўтарилишга муваффақ бўлдим. Афсуски, ўтган йилларда собиқ “Умид” жамғармаси битирувчиларини қўллаб-қувватлашга тизимли ёндашилмади. Шу боис, чет элда ўқиган йигит-қизларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда тайинли иш тополмасдан яна хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди.
Кейинги йилларда Президентимиз томонидан таълим соҳасини тубдан ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратиляпти. “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти янги шакл ва мазмунда қайта тиклангани бунинг исботи.
Бу жараёнда нафақат етук мутахассислар тайёрлаш, балки дунёнинг етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олиб, ҳозир чет элда ишлаётган, юрагида Ватанга садоқат туйғуси жўш урган инсонларни юртимизга қайтариш ҳам устувор вазифалардан бирига айланди. Шу маънода, мазкур халқаро конференциянинг ўтказилиши оламшумул воқеадир.
Анжуманда иштирок этиш учун дунёнинг турли давлатларидан келган юртдошларимиз Ўзбекистонда вазир ёки бошқа кўплаб юқори лавозимларда хизмат қилаётган “Умид” жамғармаси битирувчилари билан кўришди ва уларнинг аксариятида мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси, юрт равнақига қаратилган ишларга ҳисса қўшиш иштиёқи ортди.
Конференциянинг иккинчи куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Лайнер” оромгоҳида давом этди. Бешта шуъба мажлисида мамлакатимизда инвестиция, адлия, инновация, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ривожланишни таъминлаш масалалари муҳокама этилди. Мунозара, муҳокама ва савол-жавоблар ягона – Ўзбекистонни янада ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга ҳисса қўшишдек эзгу мақсадларга қаратилди.
100 нафарга яқин иштирокчи қатнашган инвестиция шуъбаси йиғилишида “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори вазифасини бажарувчи Адҳам Бекмуродов Ўзбекистон билимли ёшларнинг янгича, илғор фикр ва ғояларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этди. Шу боис, собиқ “Умид” жамғармаси битирувчиларининг таклиф ва тавсияларига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевлар раислигидаги секция йиғилишлари ҳам расмиятчиликдан холи, қизғин кечди. Қатнашчилар орасида Буюк Британия, АҚШ, Германия каби ривожланган давлатларда таҳсил олган, айни пайтда хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимиз фаоллиги сезилиб турди. Мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини туя бошлаган ватандошларимиз томонидан аниқ таклиф ва тавсиялар, жойи келганда эътирозли фикрлар янгради.
Масалан, мамлакатимизда олий ўқув юртлари ўртасида рақобатни кучайтириш зарурлиги, олий таълим тизимида интеграция жараёнини ривожлантириш, яъни ўқиш, малака ошириш ва касбий фаолиятни шакллантириш ўртасидаги уйғунликка эришиш, кадрларни тўғри йўналтириш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш каби долзарб масалалар ечимига қаратилган фикрлар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
– Конференцияда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича ўз таклифларимни тақдим этдим, – дейди Россиянинг “Caravan Garden” компанияси бош менежери Жамшид Абдуллаев. – Компаниямиз Бирлашган Араб Амирликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилади. Энди бевосита Ўзбекистоннинг сархил мева-сабзавотларини тўғридан-тўғри экспорт қилишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, экспорт жараёнида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш, соҳа бўйича ахборот алмашиш, уруғчилик, фермер хўжаликлари учун янги нав кўчатлар олиб келиш, кластерларни ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдик.
Конференция иштирокчилари томонидан якдил таъкидланганидек, табиий, иқтисодий, тарихий ва маданий жиҳатдан юксак салоҳиятга эга Ўзбекистон инсон ресурсига жуда бой. Айни салоҳият “Умид” жамғармаси битирувчиларига ҳам бевосита тааллуқли. Шу маънода, анжумандан кўзланган асосий мақсад – “Янгиланаётган Ўзбекистон учун янги авлод кадрлари” халқаро конференцияси билимли, навқирон, айни кучга тўлган авлод вакиллари ўртасида доимий алоқа ўрнатиш учун ўзига хос платформа яратишга эришилди.