Муқаддас динимиз кўрсатмаларида шаърий масалаларда ташаббус кўрсатиш ҳуқуқи фақат ва фақат уламоларга берилган. Афсуски, бугун билиб-билмас “ташаббускор”лар кўпайиб кетди. Интернет уларга шундай “имконият” яратиб беряпти.
Жумладан, уларнинг мавсумий фитналари маълум ва бу борада диний ва дунёвий байрамларнинг улар учун аҳамияти йўқ. Рамазон ҳайити арафасида юраклар безиллаб туради. Сабаби, Ўзбекистонда ҳайит куни белгилангач, одатда, жоҳил мутаассиблар Рамазоннинг 30-кунида бугун Арабистонда ҳайит экан, деб барчани оғиз очишга ва ҳайитни бир кун илгари нишонлашга даъват қилиб, кишилар қалбида шубҳа уйғотишга ҳаракат қиладилар. Янги йил арафасида ҳам шу аҳвол. Ҳар йили декабр охирлаганда интернет майдонида яна фитнага сабаб бўлувчи чиқишлар кузатила бошлайди. Табиатидан шов-шувга ўч, уламолар фатвоси ва бу борадаги қатъий ҳукмларни тан олишга мутлақо хоҳиши бўлмаган, юзаки билимларга суяниб олган айрим тоифалар гўёки ўзларининг шаръий қарашларини илгари сура бошлайдилар. Энг ачинарлиси, бу ёндашувларнинг на исломга, на-да мўмин-мусулмонларга бирор фойдаси бўлиши даргумон. Бундай жоҳил кимсалар учун, назаримизда, ШОВ-ШУВ муҳим! Одамлар орасида ихтилоф, зиддият қанчалик кўп бўлса, улар шунчалик фаоллик кўрсатиб, ўз ақидаларини илгари сураверадилар.
Уларнинг мақсадлари фитна, беқарорлик, ихтилоф, зиддият, алал-оқибат халқ орасида иккиланишни юзага келтириб чиқаришдан бошқа нарса эмас.
Аслида дунёвий-демократик давлатда яшаётган мусулмон киши шу давлатда қабул қилинган қоида ва меъёрларга амал қилиши, уларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиши даркор. Ислом уламолари мусулмон киши ўзи яшаётган давлат қонунларига бўйсуниши ва давлат раҳбарига итоат қилиши вожиблигига иттифоқ қилганлар. Ҳанафий мазҳаби, мотуридия таълимотининг мўътабар манбаларида, хусусан, ақида ва каломга оид китобларда ишбошилар, раҳбарларга бўйсуниш лозимлиги масаласи очиқ битилган. Масалан, “Таҳовий ақидаси” китобида “Ишбошиларга бўйсунишни Аллоҳга бўйсуниш деб биламиз” дейилган.
Янги йил, дунёнинг турли мамлакатларида милодий тақвим бўйича нишонланадиган байрам бўлиб, одатда бир тақвим йилининг тугаб, кейингисининг бошланиши сифатида қабул этилади. Бунинг бирор динга алоқаси йўқ. Уни дин билан боғлашнинг ўзи мантиқсизликдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, етакчи исломшунос олимлар бу хусусдаги тўғри ёндашувни тақдим этганлар. Бугун юртимиз мусулмонлари интернет майдонидаги келиб чиқиши номаълум жоҳилларга эмас, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий издошлари бўлган Ўзбекистон уламоларининг фатволарига, исломшунос олимлар қарашларига эргашиб фитналарнинг олдини олиши, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаши ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!
 
Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси.

ЎзА