Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Халқлар дўстлиги” хиёбонида “Президент арчаси” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирга Хўжайлидаги 1-«Меҳрибонлик уйи»нинг 130 нафар тарбияланувчиси таклиф этилди. Чиройли безатилган арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган томошалар давомида болажонларга Президент совғалари улашилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади.
Мана шундай тадбир Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида ҳам бўлиб ўтди. Тадбирга ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оиланинг 90 нафар фарзанди таклиф этилди. Театр жамоаси томонидан намойиш этилган байрам томошалари болажонларга бир олам завқ-шавқ улашди. Кичкинтойларга Президентимиз совғаси тантанали равишда топширилди.
– Биз ҳамиша давлатимиз раҳбарининг эътибори ҳамда ғамхўрлигидамиз,– дейди Хўжайли туманидаги 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Рано Карамова.– Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрами ва янги ўқув йили арафасида бизга “Президент совғаси” – “Газель” автомашинаси топширилди. Меҳрибонлик уйининг “Тонг ғунчалари” дастаси 2018 йилнинг сентябрь ойида Жанубий Кореяда миллий санъатимизни намойиш этиб қайтган бўлса, жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро иқтидорли болалар фестивалида Гран При мукофотига сазовор бўлди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов иштирок этиб, болажонларни Янги йил билан қутлади.
“Президент арчаси” тадбири Оролбўйининг барча туманларида давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА