Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Навоийазот” акциядорлик жамиятида барпо этилаётган янги корхоналар қурилишини бориб кўрди.
Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда қурилаётган янги корхонада замонавий технологиялар қўлланиши эвазига йилига 735 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади, атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид газлари миқдори ҳам камаяди.
Бу корхона йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. Ҳозирги кунда ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. Уни 2020 йил февраль ойида ишга тушириб, март ойида биринчи маҳсулот чиқарилиши режалаштирилган.
Шу тариқа 55 йил олдин қурилган, ҳар томонлама эскирган азот кислотаси цехлари фойдаланишдан чиқарилади. Энг муҳими, 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергияси сарфи 18 баробар камаяди, ҳавони ифлослантирадиган 150 минг тонна миқдоридаги газлар тутиб қолинади.
Давлатимиз раҳбари бу омил Навоий вилояти экологияси, ҳаво мусаффолиги, аҳоли саломатлиги учун ғоят муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Айтиш жоиз, дунёда бу турдаги заводлар фақат икки давлатда – Франция ва Чехияда мавжуд, “Навоийазот”да барпо этилаётгани учинчиси ҳисобланади.