Давлатимиз раҳбари “Навоий” ЭИЗга ташриф буюрди

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 28 декабрь куни Навоий вилоятига ташриф буюрди.

Ривожланаётган давлатларнинг иқтисодий барқарорликка эришишида эркин иқтисодий зоналарнинг ўрни катта. Бу каби зоналар аҳамияти мамлакат ривожланишининг иқтисодий, ижтимоий, демографик мезонлари билан белгиланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах”, “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” каби эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда.

Жаҳон стандартларига жавоб берадиган, замонавий, юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида юртимизда биринчилардан бўлиб “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган эди. Бугунги кунда бу ерда Жанубий Корея, Буюк Британия, Италия, Хитой, БАА, Ҳиндистон, Сингапур, Россия давлатлари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. ЭИЗ ҳудудида жойлашган корхоналарда 100 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, уларни экспорт қилиш йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш ва Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида инвестицияларни фаол жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, рақобатбардош янги замонавий ишлаб чиқаришлар ва кичик корхоналарни ривожлантиришнинг янги тизими яратилди. Шунингдек, уларни қўллаб-қувватлаш, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси ташкил этилган алоҳида ҳудудларда жойлаштиришни таъминлаш ва шу аснода ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилди.

Маълумки, Президентимиз 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида истиқболдаги режалар тақдимоти билан танишган эди. Тақдимотда мутасаддилар давлатимиз раҳбарига 2017-2019 йилларда 32 лойиҳа амалга оширилиб, 1650 дан зиёд иш ўрни яратилиши, бунда электротехника, фармацевтика ва тиббий буюмлар, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари, кимё ва нефть кимёси маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилгани ҳақида маълумот берган эди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 13 март куни мазкур ҳудудга навбатдаги ташрифи чоғида Навоий вилоятини эркин иқтисодий зонага айлантириш ташаббусини илгари сурди.

Бу галги ташрифда давлатимиз раҳбари ана шу ташаббус ва лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани билан қизиқди.

2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, иқтисодий зонада умумий қиймати 276,2 миллион долларлик 39 корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида иқтисодий зонада 27 янги тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлиб, улар томонидан жалб этилган инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 437 миллион долларни ташкил қилади. Ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг сони эса 66 тага етди.

“Навоий” ЭИЗнинг умумий майдони 564 гектар. “Навоий” халқаро аэропорти, Е-40 автомагистрали ва халқаро аҳамиятдаги темир йўлга яқин жойлашгани, Навоий вилоятининг мултимодал транспорт-логистика тармоғи имкониятларидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги қўшимча қулайликлар яратади.

Бугун “Навоий” эркин иқтисодий зонасида юқори технологик ва замонавий талаблар асосида турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

– Вилоятда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун барча шароитлар яратилган. Иқтисодиётни ривожлантиришдаги долзарб вазифаларни амалга оширишда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини жадаллаштириш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур, – деди Президент Шавкат Мирзиёев

Албатта, инвестицияларни жалб қилишда, инвесторлар учун қулай муҳит, шарт-шароит яратишда эркин иқтисодий зоналар фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғриси
да”ги фармони бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, шунингдек, Навоий вилояти ҳудудида минерал хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни ташкил этишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Навоий вилоятининг ҳудудий чегаралари ичида инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция дастурларини амалга ошираётган корхоналарга “Навоий” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми берилади. Табиийки, бундай ишлаб чиқарувчилар эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси учун белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзларидан фойдаланади.

Президентга “Навоий” эркин иқтисодий зонасида истиқболда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари “National plast” масъулияти чекланган жамияти томонидан саноатнинг янги тармоғи ПВХдан профил ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш жараёни билан ҳам танишди.

Мазкур корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар қурилиш бозорида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб бормоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 минг тоннадан ортиқни ташкил этади. Корхонада 400 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

– Бу каби корхоналарни қуришда биринчи ўринда сифатга эътибор қаратиш керак. – Бинолари ихчам бўлса ҳам асосан жаҳон талабларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш муҳим, – деди давлатимиз раҳбари.

Асосий материал экологик тоза ва хавфсиз пластик хомашё ҳисобланади. Барча хомашё ресурслари Италиянинг замонавий техникалари асосида тўлиқ автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади.
Натижада экстузия жараёни учун тайёр полимер вужудга келади. Экструдер қурилмалари ёрдамида полимер қоришма юқори ҳароратда катта босим остида ҳайдалиб, полимер қоришмадан пластмасса ҳосил бўлади. Айни пайтда корхонада 44 экстузия линияси ишлаб турибди.

Профилларга қолип ва кабеллар ёрдамида шакл берилади. Ушбу маҳсулотлар юқори сифат ва турли шароитларга ўта чидамлилиги билан ажралиб туради.
Президентга корхонанинг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилди. 2020 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириладиган ушбу лойиҳа натижасида 40 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 10 миллион долларлик маҳсулотни эса экспорт қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, иқтисодий ҳудудда “Green Line Profil” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам давлатимиз раҳбари эътиборида бўлди.

Корхона томонидан алюмин профил ва алюмин маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Умумий қиймати қарийб 40 миллион доллар бўлган мазкур корхона 2018 йилда ишга туширилган. 650 иш ўрни яратилган. Жорий йилда 18,6 минг тонна маҳсулот тайёрланди. 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Янги йилдан ишлаб чиқариш ҳажмини 22 минг тоннадан ошириб, экспорт миқдорини 14 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар МДҲ давлатлари, Украина, Литва, Польша, Чехия, Германия, Канада, АҚШ ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.

Корхонанинг алюминий эритиш цехида автоматик кўтарилувчи 15 ва 30 тонналик печлар бўлиб, уларда ўртача 700-750 даража ҳароратда эритилади. Шундан сўнг суюқ металл қуйиш столи орқали ўртача бир соатда қуйилади.
Қуйиш цехидан чиққан алюминий биллетлар (ярим тайёр маҳсулот) турли хилдаги профиллар ишлаб чиқариш учун экстузия цехига йўналтирилади. Ҳозирги кунда 3 дона 4000, 2000, 1000 тонналик пресслар ишлаб турибди. Ушбу технологиялар замонавий ва тежамкорлиги бўйича Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари мазкур корхонанинг иш жараёни, маҳсулотлари сифатини кўздан кечирди. Импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтириб, аҳолини арзон ва сифатли қурилиш материаллари билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимизга корхонанинг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилди. 2020 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириладиган ушбу лойиҳа натижасида 40 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 10 миллион долларлик маҳсулотни эса экспорт қилиш режалаштирилган.

 

Абу Бакир ЎРОЗОВ, ЎзА