Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмда бўлди.
Президентимиз 2019 йил июль ойида берган топшириққа мувофиқ Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда ҳарбий қисм қайта ташкил этилиб, замонавий ҳарбий шаҳарча бунёд этилди.
Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони бу ерда яратилган шароитлар, ўқув-тарбия жараёни, замонавий ўқитиш воситалари, шунингдек, ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологиялари қай даражада жорий этилгани билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги қарорига асосан ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа соҳасида юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти этиб қайта ташкил этилган.
Мазкур ҳарбий институтда олтита йўналиш бўйича офицер кадрлар тайёрланади. Ўнта кафедра ва малака ошириш факультети фаолияти йўлга қўйилган. Мавжуд лабораториялар энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. 700 ўринли ошхона, спортнинг 14 тури билан шуғулланиш имконияти бўлган ёпиқ спорт зали бор. Бу ерга курсантлар техник йўналишдаги олий ўқув юртларининг энг иқтидорли талабалари орасидан саралаб олинади.
Ташриф чоғида ҳарбий хизматчилар, вазирлик ва идоралар, Фанлар академияси раҳбарияти, техника йўналишидаги етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан суҳбат бўлиб ўтди. Унда ҳарбий таълимни ривожлантириш, ҳарбий алоқа мутахассисларини саралаш ва тайёрлаш бўйича кенг тизимни йўлга қўйиш борасида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги чоралар белгилаб олинди.
Бугунги ахборот асрида тезкор хабар алмашув, айниқса, ҳарбийлар учун ғоят муҳим аҳамиятга эгалиги, бу тизимни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, алоқа хавфсизлигини чуқур эгаллаган мутахассислар тайёрлаш ишларини доимий шакллантириб бориш зарурлиги таъкидланди.
– Бугун алоқа соҳасини ривожлантириш бўйича бир йил олдин бошлаган ишларимизнинг илк натижаларини кўриб турибмиз,- деди давлатимиз раҳбари.- Алоқа бўйича биринчи институтимиз ташкил этилди. Соҳа бўйича ҳарбий қисм билан бир жойда жойлашгани курсантларнинг назарий машғулотларни амалиёт билан уйғун ўтказишида қўл келади. Энди эътиборни сифатга қаратишимиз лозим.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарига ҳарбий қисмда амалга оширилган қурилиш ишлари, мудофаа тизимида алоқа тармоқларини модернизация қилиш, жанговар ва ўқув тайёргарлик жараёнларини автоматлаштириш бўйича лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди, ҳарбий қисм фойдаланишида бўлган махсус техника ва алоқа воситаларининг намуналари намойиш этилди.
Ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун жойларда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА