Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда қабул қилинган Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича махсус дастурга кўра 2019-2021 йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Қисқа вақтда ушбу дастур ижроси доирасида қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жорий йил ёзда фойдаланишга топширилган “Мўйноқ текстиль“ масъулияти чекланган жамияти шулар жумласидан. Замонавий услубда барпо қилинган корхонада ишчилар учун барча шароит яратилган. Корхонага Хитой ва Туркия давлатларидан келтирилган замонавий 320 та тикув машинаси ўрнатилган. Ишлаб чиқарилаётган кийим-кечакларни сотиш учун махсус дўкон ташкил этилган.
Бугунги кунда корхонада 300 дан ортиқ хотин-қиз иш билан банд. Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган сифатли кийим-кечакларга маҳаллий идора ва ташкилотлардан буюртмалар тобора кўпаймоқда. Келгусида маҳсулотларни экспортга чиқариш режалаштирилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА