Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш 2020 йил 31 декабрь кунига қадар белгиланган

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 116-сонли қарорига кўра, 2020 йил 31 декабрь кунига қадар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш муддати белгиланган.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намуналарига алмаштириш ҳайдовчилар томонидан паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг толони тақдим этилганда амалга оширилади.
Қарорга кўра, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланиши белгиланган.
Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 7 та туманларда, яъни Мирзо-Улуғбек, Миробод, Учтепа, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой, Яшнобод туман Давлат хизматлари марказлари орқали ушбу давлат хизмати кўрсатиб келинмоқда.

 

ЎзА