Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида 24 декабрь куни Покистоннинг “National Herald Tribune” газетаси бош муҳаррири Ғулом Акбар билан учрашув бўлиб ўтди.
ЎзА Бош директори А.Кўчимов меҳмонга Покистон ва Ўзбекистонни умумий дин, мустаҳкам тарихий ва маданий муштараклик, самимий ва ишончли муносабатлар боғлаб туриши, давлатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани ҳақида сўзлаб берди.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, тўқимачилик, кўнчилик, туризм, озиқ-овқат ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш икки мамлакат ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўзининг интернет саҳифаси орқали кенг миқёсли шерикликнинг жорий ҳолати ҳақида доимий ахборот узатиб келмоқда.
Мулоқот чоғида мамлакатларимизнинг ахборот имкониятларини ошириш, Ўзбекистон ва Покистонда рўй бераётган воқеалар тўғрисида мунтазам ахборот алмашишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатларимиз ички ва халқаро ҳаётидаги долзарб воқеалар тўғрисида мунтазам ахборот алмашиш мақсадида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан “National Herald Tribune” газетаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Маълумот ўрнида, Покистоннинг машҳур иқтисодий нашрларидан бири ҳисобланган “National Herald Tribune” газетасига 2008 йилда асос солинган. Покистон давлат идоралари, ишбилармон ва эксперт-таҳлил доиралари, ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилот ва дипломатик корпус вакиллари нашр обуначилари ҳисобланади. Мазкур газета 2018 йилда “Марказий Осиё” бўлимини ишга туширди. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси томонидан ушбу бўлим билан ҳамкорликда ўтган вақт давомида Ўзбекистон иқтисодий, инвестициявий ва туристик салоҳияти ҳақида 100 дан зиёд турли материаллар чоп этилди.
ЎзА