Янги йил арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “ Жуўазши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 5-оилавий поликлиниканинг янги биноси қуриб битказилди.
Янги объектнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси С.Турманов ва бошқалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда, шу жумладан Оролбўйида тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Жорий йилнинг Инвестиция дастурига киритилган мазкур оилавий поликлиника биноси учун 5 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилди. Жами 30 нафар шифокор, 68 нафар патронаж ҳамшира меҳнат қиладиган муассасада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Эски бинода бундай имкониятлар йўқ эди.
–Ҳудудимизда 9 та маҳалла фуқаролар йиғини, 7 та умумий ўрта таълим мактаби, 12 та мактабгача таълим ташкилоти жойлашган бўлиб, 46 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатамиз, – дейди оилавий поликлиника бош шифокори Ҳамида Қурбашова. –Муассасамиз “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Албатта, янги бинонинг фойдаланишга топширилиши аҳоли учун янги йил туҳфаси бўлди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз.
Тадбир иштирокчилари марказнинг янги биносида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА