Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказилган тадбирда хорижий ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ходимлари, АКТ мутахассислари, талаба-ёшлар ва лойиҳа иштирокчилари қатнашди.
– Технологияда янгиликлар қилишга интиламан, – деди “Фидо Бизнес” МЧЖ ходими Соҳибжамол Боева. – Бугун одамлар содда ва оддий сайтлардан зериккан. Шуни инобатга олиб, уларнинг дидига мос гўзал ва кишини жалб қилувчи порталлар, сайтлар яратиш керак. Энг муҳими, яратилган сайт вазифасига кўра ортиқча безаклардан холи бўлиши керак. Ушбу лойиҳа ғолибларга кўплаб имкониятлар беради. Улардан фойдаланган ҳолда соҳадаги ишларимни янада изчил давом эттирмоқчиман.
Тадбирда таъкидланганидек, айни пайтда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида 28 мингдан ошиқ дастурчи фаолият олиб борса, шуларнинг 9 мингга яқинини хотин-қизлар ташкил этади. “ITWomenUz” лойиҳаси доирасида бунга алоҳида эътибор қаратилди.
Унда иштирокчилар “Энг яхши мобиль илова”, “Энг яхши веб-сайт”, “Энг яхши дастурчи”, “Энг яхши дизайнер” номинациялари бўйича тақдирланди.
Ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари берилди. Таъкидланганидек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирган хотин-қизларга кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.