Мадҳиянг янграйверсин, жонажон юртим!

Нукусда 10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. 
“Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилиниб, ушбу сана ҳар йили кенг нишонланиб келинмоқда.
8.jpg
Қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир.
Мустақиллик йилларида халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Мустақил мамлакатимиз юксак тараққиёт, буюк келажак барпо этиш сари одимлашда давом этади, улуғ халқнинг мангу қушиғи – мадҳиямиз халқимиз, фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, олам узра баралла янграйверади. Мадҳиямиз она Ватанимиздан ғурурланишга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, бугунимизнинг қадрига етишга, янги марраларни забт этишга ундайверади.
7.jpg
– Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади, – дейди республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Қ.Юсупов. – Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам.
Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан давом этди.
Бу кади маънавий-маърифий тадбирлар Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА