МДҲга аъзо мамлакатлар Давлат ахборот агентликлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси ​

Москва шаҳрида 25 ноябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат ахборот агентликлари раҳбарлари кенгаши (МДҲ Ахборот кенгаши)нинг XXVII мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Озарбайжон давлат ахборот агентлиги (АЗЕРТАДЖ) бошқаруви раиси А.Асланов, Арманистон давлат ахборот агентлиги (“АРМЕНПРЕСС“) директори А.Ананян, Беларусь телеграф агентлиги (БелТА) бош директори И.Акулович, “Казинформ“ Халқаро ахборот агентлиги бош муҳаррири Б.Танельбоева, “Кабар“ Қирғизистон миллий ахборот агентлиги бош директори К.Таабалдиев, “Ховар“ Тожикистон Миллий ахборот агентлиги бош директори С.Сиддиқ иштирок этди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси номидан ахборот-таҳлилий департамент директори А.Заварзин, ахборот ва ахборотлаштириш бўлими бошлиғи И.Григорьев, ТАСС бош директорининг биринчи ўринбосари М.Гусман ҳамда ТАСС МДҲ ва Болтиқ бўйи давлатлари сектори раҳбари Б.Грушин иштирок этди.
Мажлисда ТАСС бош директори С.Михайлов “1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида“ номли маърузаси билан қатнашди.
ТАСС бош директорининг биринчи ўринбосари мажлисни очар экан: “Бугунги мажлисда илк бор фахрий меҳмонимиз – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов иштирок этаётгани жуда қувонарлидир. МДҲ Ахборот кенгаши барча аъзолари номидан кенгаш доирасидаги учрашувларимиз мунтазам ўтказилишини тилаб қоламан. Бу касбий мулоқот доирасини кенгайтириш, янада самарали ҳамкорлик олиб бориш ва албатта жамоатчиликни биродар давлатларимиз ҳаёти ҳақида янада тезкор, холис ва тўлиқ хабардор қилиш имконини беради“, – деди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов “ЎзА ахборот агентлигининг Буюк Ғалаба куни юбилейини нишонлашга тайёргарлиги ва МДҲ Ахборот кенгаши билан ҳамкорлик қилиш режалари“ мавзусидаги маъруза билан иштирок этди.
Мажлис ўз ишини давом эттирмоқда. МДҲ давлат ахборот агентликлари раҳбарлари Россия Федерацияси ҳукумати раиси Дмитрий Медведев билан учрашиши кутилмоқда.
 
И.Абдухолиқов,
ЎзА махсус мухбири.
Москва

ЎзА