Ислоҳотлар самарадорлиги иқтисодиётимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлигини оширади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.
Президентимиз дастлаб Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига борди.
Ушбу IT-парк давлатимиз раҳбарининг 2018 йилда Ҳиндистонга ташрифи чоғида эришилган келишув асосида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ҳиндистоннинг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган.
Бугунги кунда юртимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, инновацияларни жорий этиш учун шароит яратилиб, соҳага инвестициялар жалб этилмоқда. Мамлакатимиздаги илк IT-парк маҳаллий стартап-экотизимининг ажралмас қисмига айланиб, стартапчилар ҳаракатини янада ривожлантиришда қулай шароит яратиш имконини беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги қарорида технопарк фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланди, шу мақсадда дирекция тузилди. Қурилиш ишлари жадал олиб борилиб, жорий йил июль ойида дастлабки биноси фойдаланишга топширилди.
Технопаркларни ривожлантириш ва дастурий таъминотчилар яратувчиларини қўллаб-қувватлашга Ҳиндистоннинг илғор тажрибасини жалб қилиш мақсадида Ҳиндистон Дастурий технологиялар парклари жамиятининг энг яхши мутахассислари таклиф этилди. Айни пайтда ушбу жамият Ҳиндистонда 57 та технопарк очиб, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.
Технопаркда молиявий, маркетинг, юридик, консалтинг ва бизнес-акселерация хизматлари кўрсатилади. Бу стартап соҳаси бўйича фаолият кўрсатувчилар учун бизнес-режа ва маҳсулотини тарғиб этиш стратегиясини тузиш, бозор ва рақобатчиларни ўрганиш, иқтисодий фаолиятини тез бошлашига ёрдам беради. Бундан ташқари, стартап лойиҳаларни амалга оширишда венчур молиялаштириш асосида ёрдам ҳам кўрсатилади.
Бу ерда мутахассислар учун барча қулайликлар яратилган, истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. Ахборот технологиялари, молия, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишларда илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Масалан, АҚШдаги транспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццерияларга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Технопаркнинг бу каби хизматлари арзонлиги, сифати қолишмаслиги билан хорижликларга маъқул бўлмоқда.
– Иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқ. Шунинг учун бу соҳага янада кенг имконият, зарур инфратузилма яратиш, мутахассисларни ҳар томонлама рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йил 1 январга қадар солиқ ва божхона тўловларидан озод этилган. Бу соҳа мутахассисларига катта мадад бўлиб, технопаркка қизиқишни оширмоқда. Қисқа вақтда резидентлар сони 300 дан ортди.
Соҳа ривожига янада кенг шароит яратиш мақсадида бу ерда яна еттита лот қурилиб, IT-офислар, бизнес маркази, меҳмонхона ва бошқа бинолар барпо этиш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу янги босқич қурилишига рамзий тамал тоши қўйди.
Технопаркда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2020 йилда 10 миллион доллардан ортиши, 2025 йилда эса 100 миллион долларга етиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион доллар.
– Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда ўзини намоён этмоқда. Ўз вақтида ахборот технологияларига эътибор қаратганимиз яхши натижалар бермоқда. Битта дастурий маҳсулот давлатимизга қанча наф келтиради, коррупция, бюрократиянинг олдини олади, одамларга қулайлик яратади. Ҳар доим ёдда тутингларки, сизларнинг ишингиз жудаям муҳим, – деди Президентимиз.
Шавкат Мирзиёев “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ўтаётган Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси билан танишди.
928fa61e-8617-19e0-a502-c0246310ef34.jpg
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбир 18 ноябрь куни бошланган эди. Унда мингга яқин корхона, компания ва фирмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари 10 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Жумладан, бу ерда мамлакатимиз ҳудудларининг иқтисодий салоҳияти, импортни оптималлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар акс этган стендлар, истеъмол товарлари, озиқ-овқат ва тўқимачилик тармоқлари, йирик саноат корхоналари ҳамда улар билан ҳамкорлик қиладиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотлари жойлаштирилган.
Иштирокчилар саноат корхоналарининг экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари, уларнинг сифат ва техник кўрсаткичлари, улгуржи ва чакана нархлари, корхоналарнинг мавжуд қувватлари каби маълумотлар билан танишмоқда. Бу маҳаллий ва хорижий бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўрганиш, уларни ишлаб чиқариш ва сотиб олиш бўйича ҳамкорлар топиш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб этишда муҳим омил бўлаётир.
Президентимиз ярмаркада намойиш этилаётган маҳсулотлар билан танишди. Уларнинг харидоргирлиги, локализация даражаси билан қизиқди. Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, импорт бўлаётган деталлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш, сифатни таъминлаш орқали харидор орттириш зарурлигини таъкидлади.
Шу ўринда илк бор ўтказилаётган мазкур тадбирнинг аҳамиятига тўхталсак. Маълумки, ҳар йили тармоқлар бўйича саноат ярмаркалари ва кооперацион биржалар ўтказилади. Уларда талаб ва таклиф ўрганилиб, корхоналарнинг имконияти, маҳсулоти турлари намойиш этилади. Лекин тан олиш керак, бу ярмаркаларнинг кўпи номига ўтказилган, иқтисодиётимизнинг олға силжишига, корхоналарнинг рақобатбардош бўлишига таъсир этмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда маҳаллий ва хорижий бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали иқтисодиётни жадал ривожлантиришга қаратилган изчил чоралар бу борада реал ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди, улар асосида ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилди.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб этиш, йирик корхоналар билан саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни назарда тутади.
Ушбу қарор асосида ташкил этилган саноат ярмаркаси биринчи марта ишлаб чиқарувчи корхоналар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, харидорларни бир жойга жамлади. Яъни, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқараётган корхона эгаси ярмаркадан шу турдаги маҳсулотга талабгор корхона билан шартнома тузади, натижада худди шундай маҳсулот ёки детални четдан сотиб олишга ҳожат қолмайди, импорт камаяди.
Тармоққа мутасадди вазирлик ва компаниялар тадбиркорларга қайси турдаги маҳсулотга эҳтиёж борлиги ёки ишлаб чиқарилган товарни қайси корхонага ўтказиш ҳақида тавсиялар беради, уларга зарур ёрдам кўрсатади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур тадбир мамлакатимиз саноатини ривожлантириш, корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини, жумладан, масофадан туриб ҳамкорликни янада кенгайтириш, соҳадаги ижобий ислоҳотларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига етказишда кенг имконият яратади.
Шавкат Мирзиёев корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, уларнинг таклифларини эшитди. Шу асосда мутасаддиларга маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг йирик компаниялар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш, импортни қисқартириш, ишчи ўринларини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берди.
– Ишлаб чиқарувчи қачон ривожланади? Маҳсулотининг эгаси бўлса. Бу ярмаркага келган ҳар бир корхона ва тадбиркор натижага эришиши, оддий гайкадан тортиб катта машиналаргача харидорини топиши керак. Уни иштирокчилар рози бўлгунча давом эттириш лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёевга Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида ташкил этилган электрон кооперация портали – www.cooperation.uz ҳақида ҳам маълумот берилди.
Мазкур портал орқали ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларига харидор топиши, уларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиши мумкин. Портал статистика, божхона, солиқ, сертификатлаштириш идоралари маълумотлар базасига уланган, ҳафтасига етти кун, суткасига 24 соат мунтазам ишлайди.
Саноат корхоналари ва буюртмачилар ўртасидаги шартномалар «онлайн» тарзда расмийлаштирилмоқда. Халқаро савдо марказида тармоқлар, ҳудудлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш салоҳияти, кооперацияга талаб ва эҳтиёжи бўйича тақдимотлари ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари инвестиция олиб келаётган ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни кўпайтириш, ички бозорни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
– Бундай тадбирлар мунтазам ўтказилса, беш йилдан сўнг маҳсулот сифати ва номенклатураси ўзгаради. Бугун ҳам кичик бизнес субъектлари маҳсулотларидан йирик корхоналар бемалол фойдаланиши мумкин. Бу кичик корхоналарнинг маҳаллий бозордан муносиб ўрин эгаллашига кенг имконият яратади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Хорижий сармоялар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг асбоб-ускуна ва маҳсулотлари улуши камида 30 фоиз бўлиши зарурлиги қайд этилди. Айниқса, давлат улушига эга тармоқ ва корхоналарда ушбу талабни кескин қўйиб, шу орқали маҳаллий маҳсулот қиймати ва сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
42.jpg
Президентимиз Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари асос солган ушбу муассаса халқимизнинг бой ўтмишини, илм-маърифат ривожига қўшган катта ҳиссасини намоён этадиган яхлит мажмуа бўлади.
– Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг юртимиздагидек бой ўтмиш, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам улкан меросимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, – деган эди Шавкат Мирзиёев бу ерга аввалги ташрифларидан бирида.
Марказ қурилиши ва фаолияти йўлга қўйилишида ана шу мақсад асосий мезон этиб белгиланди. Қарийб икки гектар майдонда уч қаватли кўркам иморат қад кўтарди. Тўрт томонда 34 метрлик пештоқлар қурилди. Бинонинг симметрик марказида улкан шарқона гумбаз ўрнатилади.
Мазмунан олганда эса, Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, заминимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди.
Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади.
Иккинчи қаватдаги улкан фойе марказига Усмон Қуръони қўйилади. Шунингдек, бу ерда Ислом санъати музейи, 435 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади. Кўргазмаларда Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилади.
Учинчи қаватдан эса қарийб 100 минг нусха қўлёзма фондига эга кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва маъмурий хоналар ўрин олади.
Президентимиз таъкидлаганидек, Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлади. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар илмий тадқиқот олиб боради, уларнинг натижалари асосида қомуслар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрланади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчи ва талабалари ушбу масканга келиб, билимини мустаҳкамлайди.
– Бу марказ асрлар давомида халқимизга хизмат қилади, унинг ҳар бир нақши тарихга муҳрланади. Шунинг учун марказнинг безаги, маъно-мазмуни диний ва илмий жиҳатдан асосланган, чуқур ўйланган бўлиши керак. Одамлар ҳам ўқиб, илм оладиган, ҳам юракдан ҳис қиладиган муҳит яратиш зарур, – деди давлатимиз раҳбари.
Бутун дунёдан диний уламолар, исломшунос ва тарихчи олимлар иштирокида халқаро анжуман ташкил этиб, фикрларини ўрганиш, таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Матназар ЭЛМУРОДОВ, Умар АСРОРОВ, ЎзА мухбирлари