"Жар" спорт-соғломлаштириш мажмуасида пенчак силат бўйича Ўзбекистон кубоги ўтказилди

Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази ҳамда мамлакатимиз пенчак силат федерацияси томонидан ўтказилган мусобақада юздан ортиқ спортчи ғолиблик учун куч синашди.

Мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш, уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитларни яратишга қаратилаётган доимий эътибор самарасида спортнинг яккакураш турлари ҳам ёшларимиз орасида жадал оммалашмоқда.

2018 йил 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезияда бўлиб ўтадиган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг пенчак силат бўйича баҳсларига спортчиларимизни пухта тайёрлаш, мазкур спорт турини оммалаштириш ва терма жамоага муносиб спортчиларни саралаш мақсадида ташкил этилган мусобақада Элёрбек Алиев, Фаррух Юсупов, Абдуазим Қобулбеков, Арсен Қоратошев, Игорь Рибаков, Елизавета Қодирова, Нигора Қурбонбоева, Ноила Ҳайдарова, Карина Фаттиллаева шоҳсупага кўтарилди.

Мусобақа якунида барча ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА