2020 йилда давлат бюджети харажатлари асосан ижтимоий соҳага йўналтирилади

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Аграр ва сув ҳўжалиги масалалари қўмиталари томонидан навбатдаги йиғилиш ўтказилди.
Депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этган йиғилишда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.
Парламент қуйи палатасига киритилган 2020 йилга мўлжалланган Бюджетномани тасдиқлашда янги амалиёт ҳаётга татбиқ этилмоқда ва Олий Мажлис томонидан биринчи марта Давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинмоқда.
Яъни “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш ва бюджет маълумотларининг очиқлигини, шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши, сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш тартиблари белгиланмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда, 5,5 фоиз (2021 йилда 5,8 фоиз, 2022 йилда 6,2 фоиз) миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 6,5 фоиз, қурилишда 9,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4 фоиз ва хизматлар соҳасида 5,6 фоиз кўпаяди, асосий капиталга инвестициялар 10 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорт 8 фоиз ўсади.
2020 йилга мўлжалланган Бюджет сиёсати пухта ўйланган фискал сиёсатни амалга оширишга, иқтисодий кўрсаткичларнинг мутаносиб ўсишига ва мамлакат молиявий тизимининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси билан бюджет маблағларини режалаштириш самарадорлигини, улардан фойдаланиш натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Бюджетни режалаштиришнинг барқарорлигини ошириш мақсадида прогноз йили учун Давлат бюджети ва кейинги икки йилга мўлжалланган бюджет йўналишларини тасдиқлаш йўли билан ўрта муддатга мўлжалланган бюджетни режалаштириш таклиф қилинмоқда.
2020 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 653,5 триллион сўмни, Давлат бюджети даромадларининг тушуми 128,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 19,6 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилиниб, бу алоҳида соҳалар ривожига мақсадли харажатларни ошириш йўли билан иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни таъминлайди.
2020 йилда Давлат бюджетининг харажатлари 131,1 триллион сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 24 фоизга кўп бўлиб, бунда Давлат бюджетининг харажатлари асосан ижтимоий соҳаларга йўналтирилади. Жумладан, ижтимоий соҳа харажатлари 66 триллион сўмни ёки умумий харажатларга нисбатан 50,3 фоизни ташкил этади. Бунда ушбу харажатларнинг ўсиши аввалги йилга нисбатан 24 фоиз кўпаяди.
Мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга 5,2 триллион сўм, умумий таълимга 20,9 триллион сўм йўналтирилади, кадрлар тайёрлашга ажратиладиган маблағлар 3,9 триллион сўмни ташкил этади.
Соғлиқни сақлашга 14,8 триллион сўм, маданият ва спортни молиялаштириш учун 2,3 триллион сўм, илм-фанга 1 триллион сўм йўналтирилади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш ва компенсация тўловлари учун харажатлар ўтган йилдагига нисбатан 27 фоиз ошган ҳолда 6,6 триллион сўмни ташкил этади.
Умуман олганда, 2020 йилги Бюджетномада назарда тутилган даромадларнинг изчил ўсиши, солиқ сиёсатида жорий этилаётган туб ўзгаришлар аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.
Йиғилишда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳасининг асосий йўналишлари депутатлар томонидан ҳар томонлама муҳокама этилди.
Бюджет маблағларидан самарали фойдаланишда таъсирчан жамоатчилик ва парламент назоратини амалга ошириш долзарб аҳамият касб этади. Маҳаллий бюджетларнинг даромад манбаи мустаҳкамланиши ва уларнинг мустақиллиги изчил ошириб борилишини ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий вакиллик органлари ваколат ҳамда им
кониятларидан оқилона фойдаланиши, бюджетга тушумлар тўлиқ бўлишини таъминлаш ишига фаол қўшилиши талаб этилади. Бу борада парламент халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари корпусига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши ҳам таъкидлаб ўтилди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА