Депутатликка номзодларнинг гувоҳномалари қандай кўринишда бўлади?

Сайлов – 2019 
 
Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг гувоҳномалари намунаси тасдиқланди.
Сайлов кодексининг 40-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни эса тегишли вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси амалга оширади.
photo5352880164515720131.jpg
Номзод этиб рўйхатга олинган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.
Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек, уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг гувоҳнома намунаси комиссия тасдиғига киритилди.
Хўш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоднинг гувоҳномаси қандай кўринишда бўлади?
Юқори чап томонига давлат герби жойлаштирилади. Юқори ўнг қисмида сайлов округи номери кўрсатилган бўлади. Депутатликка номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилиши учун уч қатор жой ажратилган бўлади.
Пастки ўнг бурчагига депутатликка номзоднинг 3х4 ҳажмдаги расми жойлаштирилади. Гувоҳнома Марказий сайлов комиссияси раиси томонидан имзоланади ва муҳрланади. Ушбу гувоҳнома шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгандагина ҳақиқий ҳисобланади. 115 х 92 мм. ўлчамдаги гувоҳнома бир тарафли ўзбек тилида намунавий бланкда расмийлаштирилади.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг гувоҳномалари намунаси ҳам тасдиқланди.
Унга кўра, гувоҳноманинг юқори чап томонига давлат герби жойлаштирилади. Юқори ўнг томонида депутатликка номзоднинг қайси округ ва қайси кенгашга номзодлиги ёзилади. Сўнгра депутатликка номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилиши учун уч қатор жой ажратилган бўлади.
Пастки чап томонига депутатликка номзоднинг 3х4 ҳажмдаги расми жойлаштирилади. Вилоят, туман/шаҳар сайлов комиссияси раиси томонидан имзоланиб муҳрланади. Ушбу гувоҳнома шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгандагина ҳақиқий ҳисобланади. Гувоҳнома 115 х 92 мм. ўлчамдаги гувоҳнома бир тарафли ўзбек тилида намунавий бланкда расмийлаштирилади.
Гувоҳноманинг орқа томонига сайлов кодексидан қуйидаги кўчирма босилади:
Депутатликка номзодлар сайлов округи доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш ҳуқуқига эга. Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

 

Н.НАСРИЕВ, ЎзА