ХДП номзодлар рўйхатини тақдим этди

Сайлов – 2019 
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига Халқ демократик партияси депутатликка номзодларнинг рўйхатини тақдим этди. 
Марказий сайлов комиссиясида ушбу партия раҳбарининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб киритган аризаси қабул қилинди.
Сайлов кодексига мувофиқ, партиялар депутатликка номзодлар рўйхатини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади. Бу ҳақдаги мурожаатда сиёсий партия юқори органининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, шунингде, сайлов округининг номи ва тартиб рақами кўрсатилади.
Шунингдек, депутатликка номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, депутатликка номзоднинг, башарти у Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангудек бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисидаги аризаси илова қилинади.
Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялардан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.
Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.
Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу кодекс талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли.

 

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА