Халқаро эксперт: Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги фаолиятини тажриба сифатида ўрганиш мумкин

Бу борадаги фикрлар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан “COMPASS” халқаро илмий лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро конференция доирасида билдирилди.
Унда АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Беларусь, Испания, Озарбайжон, Тожикистон ва Афғонистон давлатларидан экспертлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш орқали Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва хавфсизликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, минтақада кенг кўламли халқаро инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Соф ислом маърифатини тарғиб қилиш, умумминтақавий муаммоларни ҳал этишда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, трансминтақавий савдо ва технологияларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатдаги ижобий янгиланишлар уни Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлар ривожланиш тенденцияларини белгиловчи муҳим давлатга айланди. Ўзбекистоннинг минтақавий масалалар бўйича тутуми Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг диний-маърифий соҳадаги ташаббуслари минтақада Ислом динининг анъанавий асосларини сақлаб қолиш ва тарғиб қилишга ҳисса қўшмоқда.
АҚШнинг халқаро тоифадаги сиёсий таҳлилчиси Жакоб Шапиронинг қайд этишича, ушбу халқаро конференция минтақада мавжуд муаммоларни ҳал этишдаги Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари интилишларини ўрганиш ва таҳлил қилиш имконини беради. Минтақада хавфсизлик ва глобал ислоҳотларни амалга оширишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро майдонда ўз имижига эга, халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, дунёнинг кўплаб давлатлари билан икки ва кўп томонлама келишувлар асосида ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётган замонавий давлат сифатида танилмоқда.
Бу борадаги фикрлар тадбир давомида Кембриж университети профессори Сидхарт Саксена томонидан ҳам алоҳида қайд этилди.
– Ўзбекистонда сўнгги йилларда кенг кўламли ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу каби ислоҳотларни кузатиб бораётган инсон сифатида айтишим мумкинки, мамлакатингизнинг ички ва ташқи сиёсатдаги фаолияти тажриба сифатида ўрганишга арзийди.
Икки кун давом этадиган ушбу конференция минтақа халқлари миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, Марказий Осиёда мавжуд муаммоларни ҳал этиш, янги стратегик вазиятни шакллантиришга қаратилган ғояларни ишлаб чиқиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 

Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА