Бугунги бунёдкорлик ишларимиз эл-юртимиз улкан салоҳиятининг ёрқин ифодасидир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши иккинчи босқичида олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирди.

Кейинги йилларда Тошкент метрополитенини ривожлантириш, унинг янги йўналишларини ишга тушириш ва йўловчиларга янада қулайликлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, шаҳар транспорт тизимини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ, метрополитен аҳолига пойтахтнинг исталган ҳудудига тез ва хавфсиз етиб олиш имконини беради. Бундан ташқари, барча метро йўналишларида бепул Wi-Fi ишламоқда, келаси йилдан Тошкент метрополитенида уяли алоқа тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган. Буларнинг барчаси метрода йўловчи ташиш кўламини бир неча баробар оширишга хизмат қилади. Айни пайтда ушбу жамоат транспорти хизматидан кунига 240 минг йўловчи фойдаланса, жами 21 километрдан иборат учта янги – Юнусобод, Сергели ва Қўйлиқ йўналишлари қурилиши натижасида яна 150 мингдан зиёд киши қамраб олинади. Бу аҳолига катта қулайлик яратиш баробарида, кўчалардаги тирбандликни бартараф этиш ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Президентимизнинг 2016 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ, барпо этилаётган метрополитеннинг Юнусобод йўналиши иккинчи босқичи бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиради.

Иншоотнинг умумий қиймати 103,8 миллион доллар бўлиб, қурилиш бошланганидан буён 67,5 миллион долларлик иш бажарилган. «Шаҳристон» бекатидан қарийб 3 километр йўл тортилиб, иккита янги – «Юнусобод» ва «Туркистон» станциялари қурилган. Туннелнинг ўнг қисми тўлиқ бурғиланиб, темир-бетон билан мустаҳкамланган. Чап туннелни бурғилаш, ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини кўчириш тез кунларда якунланади. Янги метро бекатларида қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари «Туркистон» бекатида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириб, қурилиш сифати ва йўловчилар учун қулайлигига алоҳида эътибор қаратди.

– Бу бунёдкорлик ишлари халқимизга бўлган юксак эҳтиромимиз ифодасидир. Шу боис, энг муҳими, сифатга эътибор қаратиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қурилиш ишларига Германия технологияси ва мутахассислари жалб этилган. Сифат ва хавфсизлик ҳам Германия стандартларига мувофиқ бўлади.

Давлатимиз раҳбари бу ерга ўтган йилги ташрифи чоғида метрополитен ва автобус қатновларини оптималлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур босқичнинг ишга туширилиши натижасида Юнусобод туманида қатнайдиган автобуслар сони ва масофаси анча қисқариб, кунига 5,5 тонна ёқилғи иқтисод қилинади. Йўловчиларнинг манзилига етиб олиши 20 дақиқага тезлашади.

Шу ерда “Буюк ипак йўли” метро бекатидан “Тошкент трактор заводи” автошоҳбекатигача бўлган янги йўналиш, Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Президент Чилонзор туманидаги “Ориент керамик” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда экспортга йўналтирилган янги турдаги рақобатбардош қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва ушбу маҳсулотларга бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг имкониятлар яратмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил Чилонзор туманига ташрифи доирасида “Ориент керамик” корхонаси лойиҳаси билан танишган, уни ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг корхонага Чилонзор тумани ҳудудидан 3,6 гектар жой ажратилди. Ўтган вақт мобайнида замонавий корхона биноси қад ростлаб, хориждан керамика маҳсулотлари ва кафель ишлаб чиқарадиган ускуналар келтириб ўрнатилди.

Шавкат Мирзиёев мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди.

Жорий йил июль ойида фаолият бошлаган корхонанинг умумий қиймати қарийб 14 миллион доллар бўлиб, йилига 3,6 миллион квадрат метр керамик маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда 270 ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда.

Аҳамиятли жиҳати, корхона маҳсулотлари деярли 100 фоиз маҳаллий хомашёдан тайёрланмоқда. Шу боис бу ерда тайёрланаётган кафеллар хорижникидан бир неча баробар арзон нархларда ички бозорга чиқарилмоқда.

Айни пайтда корхона маҳсулотларининг 30 фоизи Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Ўтган ойларда 500 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилган.

Президентимизга “Ориент керамик” МЧЖ томонидан 2020-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланган лойиҳа ҳақида ҳам маълумот берилди. Умумий қиймати 25 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида йилига 7,3 миллион квадрат метр импорт ўрнини босувчи керамогранит кафеллар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ушбу маҳсулотлардан асосан бино ва иншоотларнинг ташқи қисмини безашда фойдаланилади. Корхона ишга туширилгач, яна 700 та янги иш ўрни яратилади.

Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётган ушбу лойиҳа натижасида 120х60, 90х30, 80х40, 80х80 ўлчамдаги замонавий кафеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳозирда ана шундай маҳсулотлар мамлакатимизга тўлиқ импорт қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари ушбу жамият негизида барча вилоятларда кичик корхоналар ташкил этиш, логистикага қулай жойлар ажратиб, уларни керамик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кластер тизимида ишлатиш, маҳсулот турини кўпайтириб, нархини тушириш эвазига экспорт ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Тошкент шаҳрида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарига Чилонзор тумани жануби-ғарбий саноат ҳудудида амалга оширилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, 313 гектар майдонда ташкил қилинган 256 корхонада 9600 дан зиёд иш ўрни яратилган.

Шавкат Мирзиёев ҳар бир лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти буюртмаси ва “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти лойиҳаси асосида “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси томонидан барпо этилаётган Тошкент метрополитенининг Сергели метро йўналишида қурилиш ишлари авжида.

Давлатимиз раҳбари мазкур йўналишда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Лойиҳа доирасида узунлиги 7,1 километр бўлган метрополитен линияси ва 6 та бекат қурилиши белгиланган. Объект қурилишига 82,6 миллион доллар маблағ сарфланади.

2017-2020 йилларда қуриб битказилиши режалаштирилган лойиҳа бошлангандан буён 42,44 миллион долларлик иш бажарилган. Айни пайтда “Чоштепа”, “Тошкент халқа йўли”, “Сергели”, “Афросиёб”, “Қипчоқ” ва “Чинор” каби 6 та бекатда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Жумладан, “Тошкент халқа йўли” бекатида ташқи фасадни мармар билан қоплаш, электр ёритиш ва ташқи безак ишлари якунланган. Платформа тўсинларини монтаж қилиш ишлари тугалланган. Бекатнинг йўловчи платформаси металл конструкцияларини ўрнатиш ишлари бошланган.

“Сергели” бекатида пойдевор қуйиш, котлован қазиш, ғишт териш ва эскалатор пойдеворини қуйиш ишлари тўлиқ якунига етказилган. Қолган бекатларда ҳам бундай ишлар сифатли амалга оширилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур метро линиясининг аҳамиятли жиҳати шундаки, у нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда ҳам бугунги кунгача қўлланилмаган бутунлай янгича эстакада усулида бунёд этилмоқда. Бекатларда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида махсус лифт ва эскалаторлар ўрнатилади.

Президентимизга метро йўналишида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Сергели йўналиши Чилонзор линиясининг «Олмазор» бекатига уланади. Шу тариқа аҳоли кўп яшайдиган Сергели тумани шаҳар маркази ва бошқа туманлар билан яна бир восита орқали боғланади. Жумладан, Сергелидан метрога ўтирган йўловчи «Буюк ипак йўли» бекатигача бошқа линияга ўтмасдан етиб олиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари Сергели йўналишининг Чилонзор йўналишидаги «Олмазор» бекатига боғланадиган қисмида амалга оширилган қурилиш ишларини кўздан кечирди.

Сергели туманининг ривожланиб бораётгани, кўп қаватли янги уйлар қурилаётгани нуқтаи назаридан бу метро йўналиши улкан аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Йўловчиларнинг метрополитенгача етиб олиши ва метрода ҳаракатланиши учун яратиладиган шароитлар билан қизиқди.

Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманига ташриф буюриб, ерусти ҳалқа метросининг қурилиши билан ҳам танишди.

Давлатимиз раҳбари ушбу йирик қурилиш жараёни билан бир неча бор танишган, бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш ва сифатли якунлаш бўйича топшириқлар берган эди.

Узунлиги қарийб 55 километр бўлган ва 35 бекатдан иборат ушбу транспорт тармоғи метро лойиҳасининг қиймати 422,3 миллион долларга тенг. Лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Дастлаб метронинг “Дўстлик“ бекатидан «Қўйлиқ» бозоригача бўлган қисми қурилади. 11 километрлик масофада 7 бекат бунёд этиш мўлжалланган. Иккинчи босқичда «Қўйлиқ» бозори билан “Олмазор“ бекати боғланади. Сўнг “Беруний“ бекатигача, ундан кейин “Бодомзор“ бекатигача бўлган қисмлар қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна “Дўстлик“ бекатига уланади.

Давлатимиз раҳбари янги келтирилган поездга чиқиб, қурилиши якунланган «Дўстлик-2» ва «Оҳангарон» бекатлари оралиғида юриб кўрди, станцияларда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Айни пайтда “Дўстлик-2“ – “Қўйлиқ” йўналишида қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бунёдкорлик ишларига 2 мингдан ортиқ муҳандис ва ишчи, 300 га яқин техника жалб қилинган.

Бекатлар йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар, эскалатор билан жиҳозланган.

«Қўйлиқ» бозоригача бўлган қолган қисмида ҳам пойдеворлар қуйилиб, таянч ўрнатиш ишлари якунланган.

 

ЎзА