Сиёсий партиялар муҳим таклифларни илгари сурмоқда

22 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида сиёсий партиялар иштирокида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида брифинглар бўлиб ўтди.
Унда партиялар фаолиятига нисбатан жамоатчилик томонидан билдирилган фикр ва изоҳлар юзасидан расмий муносабатлар, сайловолди PR-кампаниясининг олиб борилиши, партиялар томонидан илгари сурилаётган таклифлар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Жамоатчиликни амалга оширилаётган ишлардан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган майдонда биринчи бўлиб Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили чиқиш қилди.
ЎзЛиДеП.jpg Дилшод ШОУМАРОВ, ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари:
– Жорий йил 22 декабрь куни парламент қуйи палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов бўлиб ўтади. Бу муҳим сиёсий жараёнга 22 сентябрь куни “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” шиори остида расман старт берилган. Бу вақт давомида партиямиз Сайловолди дастурини янада такомиллаштирди. Бунда аҳоли фикри ўрганилиб, умумлаштирилган ҳолда дастурда акс эттирилди.
Сайловолди дастурига кодекс ва қонунлар, давлат дастурлари ҳамда концепцияларни ишлаб чиқиш бўйича 30 га яқин аниқ таклиф киритилди. Мисол учун, тадбиркорлик манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича шу кунга қадар 14 мингдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Шундан келиб чиқиб, партия Сайловолди дастурида соҳага тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни яхлит тизимга солиш, амалдаги қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказган ҳолда Тадбиркорлар кодексини ишлаб чиқиш белгиланди.
Партиямиз миллий қонунчилигимиз ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сурмоқда. Инвестиция кодекси – Ўзбекистонда инвестиция жараёнини тизимли тартибга солувчи ягона, мукаммал ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳужжат бўлиши лозим.
Биз сайловларга “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” шиори билан кириб келдик.
ХДП.jpg Мақсуда ВАРИСОВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари:
– Сайловга тайёргарлик жараёнида баландпарвоз шиорлардан воз кечдик. Чунки аввалги сайловлар давомида кўплаб шиорлар эълон қилинди. Лекин турли сабабларга улар шиорлигича қолиб кетди. Биз аҳолининг муаммоларини ўрганиб чиққан ҳолда энг долзарб масалаларни кўтардик. Улардан бири дабдабали тўйлар масаласидир. Бу ҳар кимнинг шахсий иши, исталганча маблағини сарф этаверсин, деганлар ҳам бўлди. Лекин тўйлар ва бошқа турли маросимлар оммавий тадбир ҳисобланади. Биз аҳолини ўзи ишлаб топган маблағни оқилона сарфлашига ўргатишимиз лозим. Ўша маблағ болаларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганишига сарфланишини истардик. Бундан ташқари, мардикор аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни муносиб иш билан таъминлашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқаяпмиз.
Партия Сайловолди дастурининг асосий ўзаги – бу жамиятда юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий зиддиятларнинг олдини олишдир. Бунга эришиш учун жамиятда ҳар бир фуқаро учун тенг имкониятлар яратилиши тарафдоримиз. Айниқса, ижтимоий заиф қатламни, яъни имконияти чекланганлар, беморлар ва вақтинча ишсизлар учун тенг имкониятлар яратишни мақсад қилиб олганмиз. Партиямиз кўтараётган энг долзаб масалалардан яна бири – бу вақтинча ишсизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб иш ўринларини яратишга кўмаклашиш. Меҳнат кодексига янги боблар киритилиши бўйича аниқ таклифларимиз бор. Бунда мамлакат ва хориждаги меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биз сайловларда қандай натижага эришишимиздан қатъий назар, олдимизга қўйилган барча вазифаларни астойдил бажаришни ният қилганмиз.
Адолат партияси.jpg Гулуруҳ АГЗАМОВА, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши марказий аппарати бўлим мудири:
– Партиянинг устувор вазифалари орасида “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”, “Одам органлари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”, “Илм-фан тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш каби мақсадлар бор. Бундан ташқари, партиянинг Сайловолди дастурида барча муассасаларда “ақлли тиббиёт”ни – электрон тиббиёт тизими асосида ишлашга ўтказиш таклиф этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, партия давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланиб, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилишига эришиш зарур. Бу тизим шаффофлашуви унда коррупцаген ҳолатлар камайишига туртки бўлади.
Партиянинг барча қонунчилик ташаббуслари сайловчиларнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқади. Хусусан, партия пенсияларни расмийлаштиришда хусусий компанияларнинг архив ёзувларини олиш қийинлиги ҳақида фуқаролар томонидан билдирилган кўплаб шикоятлардан келиб чиққан ҳолда “Архив иши тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқди. “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш эса аҳолининг ва оиланинг бепуштлик муносабати билан юзага келадиган реал эҳтиёжларидан келиб чиқади.
Партиямиз томонидан олий ўқув юртларида “квотасиз” таълим олиш тизимини жорий этиш ва аста-секин таълим муассасаларини ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш таклифи илгари сурилмоқда.
Миллий тикланиш.jpg Миродил АБДУРАҲМОНОВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари:
– Партиямиз сайловга тайёргарлик кўриш, сайловолди платформаси билан боғлиқ тадбирларда тарғибот-ташвиқотнинг янги усул ва технологияларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратаяпти.
Биз халқнинг муаммоларини дадил кўтариб чиқа оладиган парламентни қурмоқчимиз. Бу парламент одамларнинг муаммоларини бевосита ўзи билан маслаҳатлашган ҳолатда ҳал қилади, қонунчиликда акс эттиради. Партия Сайловолди дастурида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Инсонни ўзгартирмасдан туриб жамиятни ўзгартириб бўлмайди ғояси илгари сурилмоқда.
Куни кеча янги муҳташам Халқаро конгресс марказида 21 октябрь куни ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, ўз нутқида “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир” деб таъкидлади. Албатта, мазкур тантанали маросим тарихий аҳамият касб этиб, барча ватандошларимизнинг қалбида чуқур из қолдирди.
Партиямизнинг дастури ва сайловолди платформасида ҳам ўзбек тилининг замонавий тил тараққиёти қонуниятларига кўра ривожлантириш, адабий тил меъёрларига тўлиқ амал қилиш ташаббусини илгари сурмоқда.
Брифингларда Ўзбекистон экологик партияси вакиллари иштирок этмади.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА