Интеграция ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар

Туркий кенгашнинг 7-саммити иштирокчилари, туркий дунё ҳамжамиятини муҳим сана – Туркий давлатлар ҳамкорлиги кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битими қабул қилинганининг 10 йиллиги билан табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди.

Ушбу муҳим ҳужжатнинг имзоланиши мустаҳкам тарихий алоқалар, тил, маданият ва маънавий қадриятлар муштараклигига асосланган туркий давлатларнинг самарали ҳамкорлигида янги даврни бошлаб берди.

Бугун Туркий кенгаш аъзо-давлатлар ўртасида мулоқот ва кооперацияни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, жаҳон миқёсида уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун нуфузли халқаро платформа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси катта туркий оиланинг узвий бўлаги сифатида туркий тилли давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистон туркий дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланган “Туркистон – умумий уйимиз” деган ташаббусни илгари сурди. Мамлакатимиз туркий тилли мамлакатлар давлат раҳбарларининг илк саммитларида фаол иштирок этди. 1996 йил 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида туркий тилли давлатлар раҳбарларининг тарихий – тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. У туркий тилли давлатлар ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим даврни бошлаб берди ва маълум маънода замонавий Турк кенгашини тузишга асос бўлди. Ўшанда Тошкент декларациясини имзолар экан, давлатлар раҳбарлари ўзаро маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказиш зарурлигини қайд этиб, туркий тилли давлатлар раҳбарлари учрашувлари Котибиятини ташкил қилишга келишиб олди. Бу муҳим институт роппа-роса 10 йил аввал Турк кенгашининг Нахичеван битимига мувофиқ таъсис этилган Ҳамкорлик кенгашининг замонавий Котибияти фаолиятида ўз ифодасини топди.

Жорий йилда Ўзбекистон расман Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига Нахичеван битимига қўшилиш ҳақидаги ариза билан расман мурожаат қилди. Мазкур мурожаат Ташкилотга аъзо барча давлатлар томонидан илиқ қарши олинди, бунинг учун уларга чуқур миннатдорлик изҳор қиламиз. Ғоят қисқа фурсатда – қарийб бир иш кунида ижобий жавоб берилди.

2019 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Нахичеван битимига қўшилиш тўғрисидаги фармони имзоланди. Шу куннинг ўзидаёқ уни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Кенгаш Котибияти ва депозитарийсига Ўзбекистон Нахичеван битимига қўшилиши тўғрисида ҳужжат юборилди.

Ишонаманки, Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо бўлиши туркий дунёга интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилади ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади. Туркий кенгаш аъзо мамлакатларнинг ўзаро иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга интилаётгани айни дамда ғоят муҳим.

Ўзбекистон Кенгашга аъзо барча давлатлар билан нафақат икки томонлама, балки қатор халқаро тузилмалар доирасида ҳам кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш борасида катта тажрибага эга.

Туркий кенгаш фаолияти доирасидаги давлатлараро муносабатларнинг ижобий тенденциялари биз учун бугунги кунда нафақат Туркий кенгаш, балки БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Афғонистон бўйича “Истанбул жараёни – Осиё юраги” каби халқаро тузилма ва механизмлар билан ўзаро алоқалар доирасида ҳам ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг янги истиқболларини очмоқда.

Кенгаш маслаҳатлашув давлатлараро муносабатларни мувофиқлаштирувчи механизм ва Марказий Осиё, Кавказ, Ўрта Шарқ ва Европада тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни илгари суриш воситаси сифатида улкан имкониятларга эга. Менинг назаримда, аъзо давлатлар ўртасида бирор-бир муаммо ёки келишмовчилик йўқлиги Кенгашнинг энг муҳим афзаллиги ҳисобланади. Унинг барча аъзолари Туркий кенгаш фаолияти халқаро ва минтақавий кун тартибига оид долзарб масалалар бўйича муштарак ёки яқин якдил қараш ва позицияларга амал қилади. Демак, иқтисодиёт, инвестициялар, инновациялар ва юқори технологиялар, муқобил энергетика ва экология, транспорт ва коммуникациялар, туризм, илм-фан, таълим ва тиббиёт каби устувор соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Туркий кенгаш давлатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликнинг амалдаги даражаси бизни ғоят руҳлантиради. Айни пайтда унинг ҳақиқий салоҳияти анча юқори. Бизда янада юксак натижаларга эришиш учун барча зарур имкониятлар, энг асосийси, қатъий сиёсий ирода бор. Бу эса, шубҳасиз, халқларимиз манфаатларига тўла жавоб беради.

Шу маънода, Ўзбекистон ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ва йўналишларини белгилаб олди. Биз уларни фаол қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Бу, биринчи навбатда, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш билан боғлиқ. Бугунги кунда мазкур йўналиш ҳамкорликнинг локомотиви бўлиши даркор, чунки у халқларимиз фаровонлигининг асосидир. Бунда мамлакатларимиз етакчи саноат корхоналари, инвестиция компаниялари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлари ўртасидаги кооперацияни кучайтириш, шунингдек, минтақалараро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.

Транспорт ва транзит соҳаларидаги яқин кооперация алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдормиз. Интеграциялашган транспорт алоқаси тармоғини ташкил қилиш дунёнинг асосий ва минтақа бозорларига чиқиш имконини беради. Бу ерда сўз, аввало, Шимол-Жануб ва Шарқ-Ғарб халқаро транспорт йўлаклари, Марказий Осиё минтақасини Хитой, Шимоли-Шарқий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа мамлакатлари билан боғловчи автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўллари ҳақида бормоқда.

Шу мақсадда минтақада транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича стратегик жиҳатдан муҳим қатор лойиҳалар амалга оширилган. “Андижон – Ўш – Иркештом – Қошғар” автомобиль йўлагининг ривожланиши, шунингдек, “Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланиши билан янада улкан имкониятлар очилмоқда.

Барча соҳаларга илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацияларни жорий қилиш ҳар қандай давлатнинг рақобатбардошлиги ва барқарор тараққиётини белгилаб берувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун Туркий кенгаш мамлакатларини инновацион ривожлантиришни биз устувор вазифа деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан биз келажак технологияларини ўзлаштириш бўйича дастур ва лойиҳаларни илгари суриш мақсадида инновацион ривожланишга масъул идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этамиз.

Маълумки, туркий тилли мамлакатлар халқлари бутун инсониятнинг бойлиги ҳисобланган ўзига хос бебаҳо маданий-тарихий ва маънавий меросга эга. Мамлакатларимизда туркий ва ислом цивилизациясининг тарихий ёдгорликлари, буюк олимлар, шоир ва мутафаккирлар, рассомларнинг мероси асраб-авайланади. Бу бебаҳо бойлик бутун инсоният мулки бўлиб, ундан бутун дунё баҳраманд бўлиши керак. Зиёрат туризмини фаол ривожлантириш бунга хизмат қилади. Туризм индустрияси иқтисодиётнинг таркибий қисми сифатида мамлакатлар ва халқларни яқинлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Бугунимиз ва келажагимиз истиқболини белгилар эканмиз, биз, шубҳасиз, халқларимизнинг маънавий-ахлоқий қадриятлари, бой тарихи ва маданияти, уларнинг кўп асрлик дўстлиги, яхши қўшничилик ва ўзаро англашув анъаналарига таянамиз. Маданий-гуманитар ҳамкорлик давлатлар ўртасидаги муносабатлар муҳитини шакллантиради, инсонларни бирлаштиради. Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг ва Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг ўтказилиши, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон маданият кунлари ва қўшма дўстлик концертлари, фестиваллари, кўргазмалари, шунингдек, инсонлар қалбида илиқ туйғуларни жўш урдирган кўплаб бошқа қўшма тадбирлар ташкил қилиниши бундан ёрқин далолатдир. Бу Туркий кенгашнинг барча мамлакатлари учун яхши анъанага айланиши ва, шубҳасиз, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишончим комил. Биз инсон капиталини ривожлантириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳиятга эгамиз. Тажриба алмашиш, қўшма таълим, илмий ва маданий лойиҳалар, ёшлар таълим-тарбияси бўйича истиқболли дастурларни амалга ошириш Туркий кенгашнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоғи даркор.

Дунёда глобаллашув, беқарорлик ва қарама-қаршилик кучайиб бораётган шароитда айнан яқин ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барқарор ривожланиш ва тараққиётга эришиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Фикримча, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик, одам ва қурол савдосига қарши курашиш бўйича Туркий кенгаш мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари саъй-ҳаракатини мувофиқлаштириш туркий тилли давлатлар кўп қиррали ҳамкорлигининг асосий жиҳатларидан бирига айланмоғи даркор.

Бугунги кунда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши янги, янада жадал ва масъулиятли тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Бу қардош мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги изчил ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашни талаб этади.

Туркий тилли давлатларнинг сиёсий иродаси, очиқ ва конструктив сиёсати, давлатлар раҳбарларининг мунтазам учрашувлари туфайли минтақада ўзаро ишонч муҳити юзага келмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон ҳам фаол иштирок этмоқда.

Туркий халқларнинг буюк намояндаси, қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов мамлакатимизнинг тарихдаги роли ҳақида гапирар экан, «Византия славян давлатлари тақдирида қандай роль ўйнаган бўлса, ўзбек халқи туркий тилли мамлакатлар тақдирида худди шундай роль ўйнаган», деб таъкидлаган эди.

Бугун ҳам тарихий тараққиётнинг янги ва айни дамда мураккаб босқичида Ўзбекистон Республикаси туркий тилли давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшишга тайёр.

Туркий тилли давлатлар халқларини Туркий кенгашнинг 10 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этиб, уларга тинчлик, омонлик ва фаровонлик тилайман.

Шавкат          МИРЗИЁЕВ,

      Ўзбекистон Республикаси Президенти

«Hurriyet Daily» газетаси (Туркия),

2019 йил 15 октябрь

ЎзА