Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити бўлиб ўтди.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев иштирок этди.
Анжуманда кузатувчи мамлакат вакили сифатида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Пурли Агамурадов қатнашди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев саммитни очар экан, Президент Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани муносабати билан табриклади. Ўзбекистон раҳбарининг бу тарихий қарори туркий тилли давлатларнинг ҳамжиҳатлиги ва изчил тараққиётига хизмат қилишини қайд этди.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этди. Мамлакатимиз ушбу нуфузли халқаро тузилмага жорий йилда қўшилди.
Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари туфайли кейинги йилларда Ўзбекистоннинг дўстлари, хайрихоҳлари кўпайди. Қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги – соғлом сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди. Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари, янги механизмлари жорий этилмоқда.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ана шундай янги мулоқот майдонларидан биридир. Бу ташкилот 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида тузилган бўлиб, дастлаб унга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо эди.
Кейинги йилларда мазкур давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланди. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Президентимиз 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Чўлпонотадаги саммитда халқларимизни азалдан ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ўзаро манфаатли шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлар экан, бу борадаги асосий йўналишларга тўхталиб, бир қанча муҳим ташаббусларни илгари сурган эди. Дастлабки ташаббуслар амалга оша бошлаганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Хусусан, жорий йил 5 октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши бизнес форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Венгриядан 500 дан зиёд тадбиркор қатнашди.
Ўзбекистон билан ташклотга аъзо мамалакатлар ўртасидаги алоқалар фаол ривожланар экан, уларни ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш зарурати пайдо бўлди. Жорий йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди. Мазкур ташаббус ташкилотнинг кенгайиши ва унинг халқаро майдондаги нуфузи ошишида жиддий қадам бўлди. Шу боис барча аъзо мамлакатлар Ўзбекистоннинг бу қарорини мамнуният билан қабул қилди. Расмий шахслар, экспертлар халқимизнинг туркийлар тарихидаги ўрни, бугунги салоҳиятини эътироф этди.
Аслида туркий халқларнинг келиб чиқиш тарихи милоддан аввалги минг йилликларга бориб тақалади. Турк ҳоқонлиги, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар каби қадимги туркий давлатлар ўз даврининг энг қудратли салтанатларидан бўлган. Уларнинг таъсирида туркий тил ва турмуш тарзи кенг ёйила бошлаган, илм-фан, маданият ва санъат юксак ривожланган, кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Уларнинг улкан кашфиётлари, нодир асарлари нафақат туркий тилли халқлар, балки бутун жаҳон цивилизациясига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.
Туркий халқлар ўртасидаги яқинлик нафақат муштарак маданият, тил, дин ва ўхшаш қадриятлар, балки қадимдан савдо алоқалари йўлга қўйилиб, ўзаро борди-келди, ҳамкорлик қилиб келингани билан ҳам боғлиқ. Бу ришталар собиқ иттифоқ даврида узилиб қолган, чекланган бўлса-да, аммо мустақиллик йилларига келиб қон-қардошлик туйғуси яна эски ўзанини топди. Собиқ иттифоқ таркибидаги туркий мамлакатларда миллий ўзликни англашга эътибор кучайди, тарихий анъаналар қайта тикланди, туркий тилли давлатлар билан ўзаро алоқалар фаоллашди.
Туркий тилда сўзлашувчи давлатлар раҳбарлари 1990 йилларнинг бошидаёқ тили, дили, маданияти ва диний эътиқоди умумий бўлган қардош халқларнинг тенг ҳуқуқли ҳамжамиятига тамал тоши қўйганлар.
2009 йилда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон бу дўстлик ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш ҳақида келишиб олди. Ташкилот фаолиятининг асосий принциплари 2016 йилда қабул қилинган Истанбул декларациясида белгилаб қўйилди.
Ташкилот таркиби Туркий тилли давлатлар раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Бокудаги Парламент ассамблеяси, Нур-Султонда Турк академияси, Анқарада Турк маданияти халқаро ташкилотидан иборат. Туркий кенгаш котибияти Истанбул шаҳрида жойлашган.
Бугунги кунда туркий тилли давлатларда яшаётган халқларнинг умумий сони 150 миллиондан ошади. Ушбу кенгашга аъзо давлатлар ҳудуди қарийб 4 миллион квадрат километрни ташкил этади. Ўзбекистон қўшилгандан сўнг Туркий кенгаш нуфуси, салоҳияти ва аҳамияти жиҳатидан Евроосиё марказидаги йирик тузилмага айланди.
Бу ташкилотнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасида ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдир.
Ўзбекистоннинг мазкур халқаро ташкилотга қўшилиши давлатимиз ташқи сиёсатидаги тарихий қадамлардан бўлиб, мамлакатимиз, халқимиз учун ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, Туркий кенгашга аъзолик нима беради?
Аввало, Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги йўналиш очилди, мамлакатимиз Марказий Осиё ва ундан кенгроқ минтақада фаолият кўрсатаётган яна бир йирик халқаро ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Айни пайтда халқимизнинг миллий ўзлиги, олис ўтмиши, тили, тарихий келиб чиқиши ва шаклланиши билан боғлиқ азалий қадриятлари ҳамда қўшни ва узоқ қардош мамлакатлар билан дўстона алоқалари қўшимча воситалар билан мустаҳкамланди.
Қолаверса, Туркий кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар билан нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама форматда ҳам тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш имконияти яратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитда сўзлаган нутқида Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, табиий ва тарихий жараёнлар ифодаси эканини таъкидлади. Юртимиз заминида умумий тарихимизнинг шонли саҳифалари битилгани, жаҳон илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар, муқаддас динимиз тарихида ўчмас из қолдирган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк алломалар, туркий дунёни қалам билан бирлаштирган Алишер Навоий сингари улуғ шоирлар нафақат ўзбек халқи, балки барчанинг фахру ифтихори эканини қайд этди.
– Туркий кенгашга аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида нафақат маданий-маънавий алоқалар, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Охирги уч йилда давлатларимизнинг ўзаро савдо ҳажми салкам икки баробар ошди, мингдан ортиқ янги қўшма ширкатлар очилди. Транспорт қатновлари кенгаймоқда, визасиз тартиб асосида туристлар оқими тобора кўпаймоқда, халқларимизнинг қардошлик ришталари мустаҳкамланмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев саммит кун тартибига киритилган масалалар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли алоқалар ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратиб беришни устувор вазифа сифатида қайд этди. Бу борада қўшма технопарклар, стартап инновация компаниялари ва венчур жамғармалари ташкил этиш, қўшма инвестиция жамғармаси ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш ташаббусини илгари сурди.
Президентимиз ташаббуси билан яқинда Тошкентда муваффақиятли ўтказилган Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ва Инвестиция форуми айнан шу мақсадга қаратилган эди. Туркий кенгашнинг еттинчи саммити доирасида Бокуда ташкил этилган бизнес форумда мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар ва тадбиркорлик субъектларидан 120 нафар вакил иштирок этди. Бизнес форум якунига кўра юртимиздан Озарбайжонга автомобиллар, маиший техника жиҳозлари ва бошқа товарлар етказиб бериш бўйича умумий қиймати 430 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 75 та шартнома имзоланди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш Марказий Осиё – Туркия транспорт йўлаги орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун салмоқли имкониятлар яратишини, “Боку – Тбилиси – Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Транспорт ва логистика марказларини барпо этишда аъзо мамлакатлар ҳудудидаги денгиз портларининг замонавий инфратузилмасини ишга солиш ҳамда ташқи савдо юкларини ташишда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар учун ўзаро келишилган чегирма ва имтиёзларни қўллаш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Шавкат Мирзиёев сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлигини қайд этди ҳамда Ўзбекистон Ташкилотнинг ўтган йили ишлаб чиқилган «Замонавий Ипак йўли» сайёҳлик дастурида фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди. 2020 йилда кўҳна Хива шаҳри «Туркий дунёнинг маданият пойтахти» деб эълон қилиниши қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга, абадий дўстлигимизни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишини таъкидлади.
Президентимиз Кенгашга аъзо мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи ёшлар эканидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Туркий кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини келаси йилда Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон Президенти маданий-гуманитар соҳалар аҳамиятига алоҳида тўхталиб, Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт хазинаси” деб номланган юз жилдлик китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш таклифини илгари сурди.
– Биз Ташкилот қошидаги Халқаро туркий академияга аъзо бўлиб киришга тайёрмиз. Шу билан бирга, Кенгашга аъзо мамлакатларнинг замонавий адабиёт ва санъат, тарих ва меъморчилик соҳасида улкан ютуқларга эришган ижодкорларини рағбатлантириш мақсадида Халқаро ТУРКСОЙ мукофотини таъсис этишни таклиф этамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев пировардида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига раислик Озарбайжон Республикасига ўтиши муносабати билан Илҳом Алиевни қутлаб, унга улкан муваффақиятлар тилади.
Туркий кенгашнинг бу галги саммити кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш мавзусига бағишланди. Шу муносабат билан саммитда туркий давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлиги ва ҳамжиҳат тараққиёти билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди. Ташкилот доирасида ҳамкорликнинг иқтисодий жиҳатдан кенгайиши дунёдаги сиёсий ва иқтисодий тангликларга нисбатан туркий давлатларнинг барқарорлигини кучайтириши таъкидланди.
Учрашув якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Делегациялар раҳбарлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити декларацияси, Туркий кенгашнинг мувофиқлаштирувчи қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ва бошқа ҳужжатларни қабул қилдилар.
Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисидаги Қўшма баёноти саммитнинг муҳим воқеаси бўлди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифингда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Багдад Амреев делегация раҳбарларининг самарали мулоқоти мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига мос равишда ўзаро фойдали шериклик ўрнатиш бўйича навбатдаги қадамларни белгилашга имкон берганини таъкидлади.
Саммит доирасида Боку шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг учрашуви бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари бир-бирини самимий қутлар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.
Туркия Президенти Ўзбекистон раҳбарини мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилгани билан самимий табриклаб, бу қарор икки томонлама алоқалар ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Музокараларда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, иқтисодиёт, савдо, инвестициялар, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни қабул қилди.
Учрашув аввалида Венгрия ҳукумати раҳбари Президентимизни Ўзбекистоннинг кенгашга қўшилгани билан самимий табриклади. Ушбу ташкилот доирасида ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги шериклик истиқболлари кўриб чиқилди.
Амалий ҳамкорликка оид, аввало, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, саноат, фармацевтика, туризм ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суришда икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг учрашувларини мунтазам ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро аҳамиятга молик, жумладан, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи йўналишидаги шерикликнинг долзарб масалари ҳам кўриб чиқилди.
Туркий кенгаш саммити доирасида Бокуда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари Нурсултон Назарбоевни Туркий кенгашнинг фахрий раиси этиб сайлангани ҳамда Туркий дунёнинг олий орденига сазовор бўлгани билан табриклади.
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Кенгашга асос солиниши ва унинг ривожланишига, ташкилот доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кенгайишига катта ҳисса қўшгани алоҳида таъкидланди.
Элбоши Нурсултон Назарбоев ўз навбатида Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга қўшилиши ушбу тузилманинг халқаро нуфузини ва ҳамкорлик самарадорлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Учрашувда икки томонлама муносабатларга оид, шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикасига ташрифи якунланди.
Матназар ЭЛМУРОДОВ, ЎзА