Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити бошланди

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити бошланди.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этмоқда.
Венгрия Республикаси Бош вазири Виктор Орбан анжуманга фахрий меҳмон сифатида ташриф буюрган.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев саммитни очар экан, Президент Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани муносабати билан табриклади. Ўзбекистон раҳбарининг бу қарори туркий тилли давлатларнинг ҳамжиҳатлиги ва изчил тараққиётига хизмат қилишини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этмоқда. Мамлакатимиз ушбу нуфузли халқаро тузилмага жорий йилда қўшилди.
Туркий кенгашнинг Боку саммити иқтисодиёт, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мавзусига бағишланган. Шу муносабат билан саммитда туркий давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлиги ва ҳамжиҳат тараққиёти билан боғлиқ бўлган кўплаб масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Маълумки, 2018-2019 йилларда Қирғизистон Республикаси Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига раислик қилди. Саммитда Президент Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон Республикасининг ташкилотга раислиги даврида амалга оширилган ишлар тўғрисида маъруза қилди.
Боку саммитида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммити декларацияси, Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти қабул қилиниши режалаштирилган.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА