“Korea Week – 2019“ ҳафталиги бошланди

Юртимизда Корея Республикаси ҳафталиги – “Korea Week –2019“ маърифий тадбири бошланди. Пойтахтимиздаги Корея Республикаси элчихонаси қошидаги таълим марказида ташкил этилган “Кореяда таълим“ номли маърифий кўргазма ушбу ҳафталикка старт берди.
Ўзбекистон ҳамда Корея ўртасидаги ҳамкорлик тобора изчил, ишончли ва мустаҳкам асосга эга бўлгани ҳолда муттасил ривожланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга 2017 йил ноябрь ойидаги илк ташрифи ҳамда жорий йилнинг апрель ойида Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг мамлакатимизга ташрифи бу борадаги ҳамкорликни янги, янада истиқболли босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган алоқалар таълим соҳасида ҳам изчил ривожланмоқда. Юртимизда Корея Республикаси таълим соҳасига тааллуқли вазирлик ва муассасалар замонавий ахборот технологиялари, инженерия, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Айни пайтда талабалар ва ўқитувчиларнинг академик алмашинуви, малака ошириш, замонавий техник воситалар, ўқув услубий қўлланмалар билан таъминлаш, тил ўрганиш соҳасида биргаликда кўплаб лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
“Кореяда таълим“ номли кўргазмада ҳам мазкур давлатнинг Конгук, Гонянг, Кукмин, Тангук, Тэгу, Тэгухани, Тонмёнг, Тона, Соган, Сонмун, Семён, Сукмёнё, Сунчон, Сунчонхянг, Андонг, Ульсан, Инха, Чоннам, Чеджуханна, Хангукёнгсанг, Ханрим, Ханянгё каби етакчи университетлари, улардаги таълим йўналишлари ҳақида юртимиз ёшларига батафсил маълумот берилди.
– Институтимиз иқтидорли талабалар учун стипендиялар, глобал маърифий лойиҳалар, хорижий талабаларни қўллаб-қувватлаш, корейс тилини билишга оид тест – TOPIK имтиҳонини ўтказиш ва бошқа маърифий дастурларни ташкил этиш билан шуғулланади, – деди Корея Республикасининг Халқаро таълим миллий институти вакили Жеонг Чанг Юн. – Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйганимиздан буён 236 йигит-қиз институтимизнинг стипендиати бўлди. Бундай стипендия соҳиби бўлиш ўқишга бўлган интилиш ва иштиёқнинг кучлилиги, корейс тилини пухта билиш каби жиҳатларга боғлиқ.
Сун Мун университети ривожланган давлатларга хос бўлган шовқин-суронли ҳаёт тарзидан анча олис бўлган осуда Асан шаҳрида жойлашган. У Корея Республикасидаги энг яхши 70 олий таълим даргоҳи рейтингидан ўрин олган.
– Университетимизда техника, ахборот технологиялари, муқобил энергетика йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш устувор ўрин эгаллайди, – деди мазкур университетнинг хорижий талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Донг Хо Джун. – Ўқув даргоҳимизда ўзбекистонлик ёшлар ҳам таҳсил олади. Улар интизоми, одоби, тиришқоқлиги билан яхши натижаларни қўлга киритмоқда.
Ўзбекистонлик Фахринур Бозоров Сун Чонгхянг университетида логистика йўналиши бўйича таҳсил олади. Унинг айтишича, Кореядаги университетларга кириш осон, бироқ уларда таълим олиш мураккаб экан. Белгиланган вазифаларни ҳалол ва қунт билан бажариш, ўқишга астойдил киришиш, билимларни пухта ўзлаштириш каби жиҳатлар бунда асосий роль ўйнайди. Айни пайтда хорижда талаба бўлиш Ватан, ота-она, туғилиб ўсган маскан, оила, қадрдон хонадон қадрига янада кўпроқ етишга ҳам ўргатиши билан аҳамиятлидир.
– Бундай кўргазмалар хорижий университетлар ҳақида кўпроқ билишга ундайди, – деди Ойдин Сержанова. – Корея Республикасидаги медиа ва санъатга оид университет ҳақида тўлақонли маълумотга эга бўлдим. Университетдаги бакалавриат йўналишлари рўйхатидан ўзим учун қизиқарли бўлган соҳани топдим.
Кўргазма давомида грант дастурлари, бакалавриат ва магистратура, тил ўрганиш курслари ҳақида маълумотлар, мутахассислик соҳасини танлаш бўйича амалий кўмак бўйича ёшларга батафсил маълумот берилди.
6 октябрга қадар давом этадиган “Korea Week – 2019“ маърифий тадбири доирасида кўргазмалар, концертлар, тиббиёт, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш соҳаси вакилларининг мулоқотлари, “Medical Korea – 2019“ тиббиёт кўргазмаси, ҳамкорликдаги тўқимачилик технопаркининг очилиши, ёшлар фестивали, таэквондо бўйича ўсмирлар чемпионати, бизнес маслаҳатлашувлар ва бошқа кўплаб қизиқарли тадбирлар ўтказилади.

 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА