Маънавият фестивали: унутилмас учрашув ва мулоқотлар

Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 майдаги «Маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида “Маънавият фестивали” бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг Қорақалпоғистон бўлими ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади, қорақалпоқ ва ўзбек халқи маънавий-маданий меросининг ўзига хос хусусиятларининг маърифий аҳамиятини ёритиш бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тарғиб этиш, ички туризмни ривожлантириш, замонавий технологик воситалардан самарали фойдаланган ҳолда миллий қадриятлар, тарихий обидалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг тарғибот-ташвиқотини кучайтиришдан иборат.
10.jpg
Тадбир Нукус шаҳридаги буюк қорақалпоқ шоири Бердақ ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетида “Маънавият ва маърифат ҳамда таълим-тарбия уйғунлиги» мавзусида илмий-амалий семинар ташкил қилинди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Қ.Юсупов, фалсафа фанлари доктори, профессор Ж.Шермухамедова, «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдинов, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри артисти М.Салимов, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти Б.Хусанов ва бошқалар мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
13.jpg
– Жаҳонда ғоявий-мафкуравий кураш кескин давом этаётган, маънавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда бундай тадбирларнинг ўтказилиши муҳимдир,– дейди фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермухамедова.– Шу нуқтаи назардан фестиваль аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Тадбир якунида “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий аъзолигига қабул қилинганларга гувоҳнома ва аъзолик кўкрак нишони топширилди.
25.jpg
Иштирокчилар учун И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига саёҳат уюштирилди ва «Қорақалпоғистонда бугунги туризм» мавзусидаги учрашувда қорақалпоқ миллий рақси ва санъаткорлар концерти намойиш этилди.
Нукус горнизонида “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар билан таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари иштирокида маърифий учрашув ташкил қилинди. Учрашувда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, полковник Д.Чориев меҳмонларни қутлаб, мамлакатимизда Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ қилиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг маҳоратларини юзага чиқариш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Фестивалнинг иккинчи кунида Хўжайли туманидаги 1-«Меҳрибонлик уйи»да “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида “Болаларга маърифат улашиб” акцияси ва маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тарбияланувчиларга китоблар совға қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида Мўйноқ туманида жойлашган “Мўйноқ тумани экология музейи” ва “Кемалар қабристони”га саёҳат уюштирилди. Тумандаги “Орол” ва “Талли ўзак” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувларда қайд этилганидек, мамлакатимизда ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ёш тадбиркорларга, айниқса, қизларимизга ҳунармандлик билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратиш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, уларни соғломлаштириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Туман маданият марказида таниқли ёзувчи ва шоирлар, адиблар ва ёшлар иштирокида “Маданият Мўйноқдан бошланади” шиори остида “Бешта муҳим ташаббус – бешта имконият” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди. Мазкур тадбир доирасида китоб ярмаркаси ва янги китоблар, расмлар, жумладан, қорақалпоқ фольклорининг 100 томлиги ҳамда миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди.
–Тадбир иштирокчилари Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйининг шаҳар ва туманларида, ҳаттоки чекка қишлоқларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлишди,– дейди Ўзбекистон халқ артисти, Ч.Айтматов номидаги халқаро мукофот совриндори Мирза Азизов. – Бир вақтлари ушбу ҳудудда яшаш мураккаб деганлар бугун ҳавас билан қарамоқда. Буни биргина Мўйноқ тумани мисолидан ҳам кўришимиз мумкин.
Фестивал якунида фаол иштирокчиларга ташкилотчиларнинг “Ташаккурномаси” ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир санъат усталарининг гала концерти билан якунланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА