Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Афғонистон Ислом Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Буюк Британия ва Шимолия Ирландия Бирлашган Қироллиги, Япония ҳамда Франция Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Аҳмад Ҳолид Элмий, Сантош Жа, Тимоти Торлот, Ёшинори Фужияма ва Изабель Сервоз-Галлуччидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари элчиларни Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга ушбу шарафли ва масъулиятли вазифада муваффақиятлар тилади.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб қолган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Беш йиллик Ҳаракатлар стратегияси изчил амалга оширилмоқда, унга мувофиқ жорий йил юртимизда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинган.
Инновацион технологиялар ва ёндашувлар асосида замонавий саноат корхоналари ва инфратузилма яратилмоқда, банк, молия ва солиқ соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон очиқлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга қолиш тамойилларига асосланган фаол ва конструктив ташқи сиёсатни юритмоқда.
Натижада бугунги кунда мамлакатимизнинг масъулиятли ва ишончли халқаро шерик сифатидаги мутлақо янги имижи шаклланди.
Энг аввало яқин қўшнилар билан дўстлик муносабатларини, биродарлик ришталарини, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш Марказий Осиёда принципиал жиҳатдан янги сиёсий муҳит яратишга хизмат қилди.
БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ каби етакчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик фаоллашди. Мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлишига қарор қилинди.
Ўзбекистон Президенти ўз сўзида янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтди.
Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат ўртасида олий даражадаги мулоқот фаоллашгани ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, энергетика, транспорт, логистика ва коммуникациялар, таълим соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта салоҳиятга эга бўлган ўзаро муносабатларни изчил ривожлантиришга кучли суръат бағишлади.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил октябрда Ҳиндистонга амалга оширилган давлат ташрифи ва жорий йил январь ойида “Жўшқин Гужарат-2019” саммити доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар натижасида янги амалий мазмун билан бойиган Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклигида юксак даражага эришилганини юқори баҳолади.
Бугунги кунда фармацевтика, инновация ва ахборот технологиялари, тадбиркорликни ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасалари – Амити ва Шарда университетлари филиаллари ўз эшикларини очди.
Президентимиз Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик турли даражаларда салмоқли фаоллашганини мамнуният билан қайд этди.
Нефть-газ ва кимё саноати, геология-қидирув, молия, ахборот технологиялари ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Таълим соҳасида, жумладан, диёримиз пойтахти ва ҳудудларида Кембриж университети иштирокида Президент мактабларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик юксак баҳоланди.
Ўзбекистон Япония билан стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратмоқда.
Энергетика, геология-қидирув, автомобиль саноати, транспорт, телекоммуникациялар, инфратузилмани модернизация қилиш, фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда Япония компания ва банклари билан кооперация суръати ортиб бораётгани таъкидланди.
Жорий йил декабрь ойида Японияда бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашув ва музокаралар кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил октябрь ойида Францияга амалга оширилган расмий ташриф кўп қиррали Ўзбекистон-Франция шериклигига сифат жиҳатидан янги мазмун бағишлаганини мамнуният билан қайд этди.
Геология-қидирув, қуёш энергетикаси, коммунал хўжалик, туризм ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Маданият ва санъат, фан ва техника, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Маросим сўнгида Президент Шавкат Мирзиёев янги тайинланган элчилар фаол дипломатик саъй-ҳаракатлари билан давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.
Ўз навбатида, дипломатик миссиялар раҳбарлари Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида давлатлараро муносабатларни изчил ва самарали ривожлантиришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.
ЎзА