Давлатимиз раҳбари Қўқон шаҳридаги Буюк алломалар музейида Фарғона вилояти фаоллари, нуронийлар, зиёлилар билан мулоқот қилди. Унда маданият, маърифат соҳаларидаги ўзгаришлар, ёшлар таълим-тарбияси ҳақида сўз борди.
Президентимиз 2017 йил 22 июнь куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўқон шаҳридаги “Буюк алломалар музейи”да ҳам бўлган ва уни таъмирлашга доир кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг музейда кенг кўламли таъмир ишлари олиб борилди. Маънан эскирган ашёлар йиғиштирилиб, музей замон талабларига жавоб берадиган ҳолга келтирилди. Музей заллари кенгайтирилиб, зарур техник воситалар билан жиҳозланди. Бино атрофи ободонлаштирилиб, том қисми янгидан ёпилди.
Музей экспозицияси 5 бўлимдан иборат. Биринчи бўлим Илк ўрта асрларда Марказий Осиёда илм-фан ва маданият, деб номланади.Унда Мусо Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк алломалар ҳаёти, илмий-ижодий фаолиятига оид маълумотлар, улар яратган ноёб қўлёзмалар нусхалари ўрин олган.
Музейнинг иккинчи бўлимида Темурийлар даврида яратилган илм-фан ва маданиятга доир осори-атиқалар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Саъдиддин Тафтазоний, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи, Мирхонд каби алломаларга оид тарихий асарлар намойишга қўйилган. Шунингдек, музей экспозицияларидан XVIII-XIX асрларда Фарғона водийсидан етишиб чиққан, Машраб, Ҳувайдо, Садойи, Низомий Хўқандий, Азимий, Увайсий, Амирий, Нодира, Ҳакимхон Тўра, Гулханий, Фазлий, Муҳйи, Муқимий, Фурқат, Завқий, Маҳмуд Ҳаким Яйфоний, Ҳазиний каби улуғ сиймолар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот олиш мумкин.
Яна бир бўлимда эса Туркистонда жадидчилик ҳаракати ва унинг машҳур намояндалари Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ашурали Зоҳирий, Иброҳим Даврон, Ибрат ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган. Қўқон хаттотлик санъати, миллий ҳунармандчилик ҳамда зиёратгоҳларга доир маълумотлар ва экспонатлар ҳам қўйилган.
Музейнинг бешинчи бўлимида XX асрда Фарғона водийсидан етишиб чиққан улуғ олимлар, академиклар – Қори Ниёзий, Теша Зоҳидов,Раҳима Аминова, Пўлат Қаюмов, Боқий, Азиз ва Лазиз Қаюмовлар ва бошқаларнинг ҳаёти ва илмий ижодий фаолиятини акс эттирувчи материаллар ва экспонатлар ўрин олган.
Музей қошида “Алломалар ворислари” номли ўқув-ахборот маркази ташкил этилган. Ушбу марказ илмга ва ижодий фаолиятга қизиқувчи ёшлар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда.
Мулоқотда мамлакатимизда миллий қадриятларни эъзозлаш ва тарғиб этиш, буюк алломалар меросини ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бахшичилик ва мақом санъати бўйича халқаро фестиваллар ўтказилгани бу борада улкан аҳамиятга эга бўлди. Имом Бухорий, Имом Термизий марказлари, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, адиблар номлари билан аталган ижод мактаблари ташкил этилди. Президент мактаблари, янги олий ўқув юртлари ёш авлод учун янада кенг имкониятлар очди.
– Вақт шиддат билан ўтяпти. Ҳар бир соҳа бўйича изланишда, тинимсиз ҳаракатдамиз. Ўзгаришлар бор, лекин ҳали бизни қаноатлантирмайди, – деди Президент.
Фаоллар бутун Фарғона вилоятида бўлгани каби Қўқон шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, Халқаро ҳунармандчилик фестивали туфайли шаҳар янада обод бўлиб, бу ерга бутун дунёдан меҳмонлар келганини мамнуният билан қайд этишди.