ИИВ Малака ошириш институти Инха университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

Бугун Тошкент шаҳридаги Инха университетида ушбу таълим муассасаси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумга кўра, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг ўқув дастурларини, ўқув-методик ва норматив материалларини ишлаб чиқиш, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, инновацион ва технологик ғояларни ривожлантириш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш белгиланди.
– Ўрнатилаётган ҳамкорлик йўналишлари кенг қирралидир,
– дейди Тошкент шаҳридаги Инха университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Музаффар Жалалов. – Математик моделлаштириш, алгоритмлаш ва криптография соҳаларида, компьютер ва дастурий инжиниринг йўналишларида замонавий ўқув адабиётлари, ўқув-услубий материалларни тайёрлаш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш, ўқув, илмий, техник ва бошқа адабиётлар фондини, шунингдек глобал ахборот ва таълим ресурсларини мунтазам янгилаб борилади.
– Инха университети билан ҳамкорлик, айниқса, биз учун долзарб аҳамиятга, – дейди ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Нарматов. – Чунончи, бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этишни ички ишлар органлари ходимларига ўргатиш шиддат билан ривожланаётган давр талаби бўлиб ҳисобланади. Қолаверса, кибержиноятчилик ва бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали содир этиладиган жиноятларни олдини олиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида тизим ходимларининг билим ва малакаларини оширишда ушбу нуфузли олий ўқув юртининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш кўзланган натижага эришишга хизмат қилади. Келгусида биз янги дастурий таъминотларни ишлаб чиқишда, техник-технологик ишланмалардан жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш йўналишларида ҳам ҳамкорликни амалга оширамиз.
Мазкур таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг тараққиётига мос ҳолда ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, уларнинг замонавий талаблар асосида касбий кўникмалари ва лаёқатларини ривожлантириб боришга ижобий таъсир кўрсатади.
Таълим муассасалари раҳбарлари келгусида меморандумда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
photo5458765384833411842.jpg
photo5458824505058241331.jpg
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати.

 

ЎзА