Нохолис ахборот одамлар орасида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқаради

Жорий йилнинг 9 сентябрь куни “Озодлик” радиосининг телеграмдаги каналида “Халқ банки пенсия бўлимининг кўчирилгани кексаларга ноқулайлик туғдирмоқда” номи билан яна бир видеолавҳа жойланди.
Эътиборлиси, 45 ёшли “отахон” тумандаги Мустақиллик маҳалласига бориб, навбатдан олдин нафақа пулини олишни талаб қилгани тасвирга олинган. Фақат бу сафар пенсиясини вақтида ололмаётган “жабрдийда” талқинида.
Ваҳоланки, Пахтаобод тумани “Ёлғиз боғ“ МФЙ Бахт кўчасида яшовчи 45 ёшли ногиронлиги бор ушбу фуқаро ўз нафақасини жорий йилнинг 6 сентябрь куни (белгиланган муддатдан 18-20 кун вақтли) олиб бўлган.
Бу “отахон”ни ҳали унутиб улгурмагандик. Чунки 6 сентябрь куни ҳам у фарзанди чет элдан юборган пулларни банкдан ололмаётганини айтиб, тўс-тўполон кўтарганди.
Ушбу ҳолат жойига бориб ўрганилганда, видеодаги “отахон” 45 ёшли ногиронлиги бор фуқаро (1974 йил 20 июнь куни туғилган) экани, фарзанди ва оиласи йўқлиги, ота-онаси билан бирга яшаши аниқланганди. Шунингдек, ушбу фуқаро номига халқаро пул ўтказмалари бўйича хорижий давлатлардан пул келмагани ҳам маълум бўлган эди.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, бу каби текширилмаган, нохолис ахборотнинг тарқатилаётгани одамлар орасида асоссиз ваҳима кўтарилиши ва турли тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, айрим фуқаролар ногиронлиги бор фуқаронинг руҳий ҳолатини била туриб, уни видеотасвирга олган ҳамда кенг оммага ошкор қилиб, фуқаронинг шаъни ва инсоний ҳуқуқларини бузишга, шунингдек, Халқ банки имижига қасддан путур етказишга уринмоқда. Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида Халқ банки фаолияти нотўғри талқин қилинишига олиб келмоқда.
Таъкидлаш керакки, Халқ банки томонидан Пахтаобод туманидаги 25,5 мингга яқин пенсия ва нафақахўрларга жорий йилнинг 10 сентябрь ҳолатида 4 миллиард сўмдан ортиқ (43 фоиз) тўловлар амалга оширилган. Халқ банки ҳудуддаги аҳолига пенсия ва нафақа пулларини ўз вақтида олишлари учун барча зарурий чораларни кўрмоқда.
Халқ банки ахборот хизмати

 

ЎзА