Роғун шаҳри, 9 сентябрь. ЎзА махсус мухбири Нурилло Насриев хабар қилади.
Тожикистон Республикаси Роғун ГЭСининг иккинчи агрегатини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Тожикистон ҳукумати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, экспертлар, мутахассислар, хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир очилишида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон нутқ сўзлади. Роғун ГЭСи Тожикистон давлати ва халқи келажаги учун, мамлакатда энергетика соҳасини ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, мазкур гидроэлектростанция мамлакат ободлиги ва фаровонлиги учун зарурлиги таъкидланди.
Маълумотларга кўра, Роғун Вахш дарёсидаги энг катта гидроэлектростанция ҳисобланади. Мазкур иншоотнинг қурилиши 1976 йилда бошланган. Унинг қуввати 3 минг 600 МВтни ташкил қилади ва олти агрегатдан иборат бўлади. Ҳар бир агрегат 600 МВт қувватга эга бўлади. Мазкур олти агрегат тўла ишга туширилгандан сўнг йилига 17 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
2018 йил 16 ноябрь куни ГЭСнинг биринчи агрегати ишга туширилган эди. Агрегат иш бошлагач, Тожикистоннинг барча ҳудуди электр энергияси билан тўлиқ таъминланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларига ҳам электр энергияси етказиб берилмоқда.
Роғун ГЭСи тўғонининг баландлиги 335 метр, ҳажми 73,6 миллион метр куб. Гидроэлектростанция “Poyry Switzerland LTD” ҳамда Россиянинг “Гидропроэкт” институти томонидан лойиҳалаштирилган. Қурилиш ишлари “Туннел Садди Ориёна” пудрат ташкилоти томонидан олиб борилмоқда. Унда маҳаллий ишчилар билан бирга Италия, Эрон ҳамда Ўзбекистон мутахассислари ишламоқда.
Хорижий ва маҳаллий журналистлар биринчи ва иккинчи агрегатнинг ишлаш тизими билан танишди. Бу ердаги генераторлар Украинада ишлаб чиқарилган. Диаметри 10-15 метр бўлган 7 та туннел қурилган. Экспертларнинг сўзларига кўра, гидроэлектростанция хавфсиз, халқаро стандартларга жавоб беради.
Айни пайтгача Роғунда тахминан 200 миллион метр куб сув йиғилган. Президент Эмомали Раҳмон агрегатнинг иш жараёни билан танишди. Гидроэлектростанция платинасини бориб кўрди. Платина тўғон денгиз сатҳидан 1 минг 190 метр баландликда жойлашган.
Роғун ГЭСи иккинчи агрегатини ишга тушириш маросимида мусиқий дастур намойиш этилди.
ЎзА