Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 9 сентябрь куни Сенат Раиси биринчи ўринбосари С.Сафоевнинг Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги махсус элчиси Кнут Воллебек билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон делегациясининг жорий йил июнь ойида Норвегияга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва икки томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Норвегия ўртасидаги муносабатлар фаоллашди. Жумладан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги ва ўзаро фойдали шерикликни кенгайтиришга тайёрлиги ушбу мамлакатни ҳам қизиқтириб келмоқда.
К.Воллебек Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, Норвегия Ўзбекистон билан муносабатларни ҳар томонлама фаоллаштиришдан манфаатдор экани, яқин орада ушбу мамлакат юқори даражали делегациясини юртимизга юборишни режалаштираётганини таъкидлади.
Учрашувда Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолияти доирасида ҳамкорлик қилиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлашни донор давлатлар ва хайрия ташкилотлари орасида биргаликда тарғиб қилиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Мулоқотда томонлар Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишда Норвегиянинг йирик компаниялари иштирокини таъминлаш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашди.
А.МУСАЕВ, Т.МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА