Депутатлар таълим, ноширлик фаолияти, бола ҳуқуқларига доир қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

2019 йил 6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги дастлабки масала – “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг янги таҳрирдаги лойиҳаси биринчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши, бу соҳага халқаро доираларда умумэътироф этилган замонавий стандартларни жорий этиш, шу тарзда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб боришни тақозо этмоқда. Ана шу ёндашувларга суянган ҳолда лойиҳа ташаббускорлари қонун лойиҳасига бир қатор янги нормалар, тушунчалар ва моддалар киритишган. Хусусан, катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат-хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш, соҳада давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари, таълимда экспериментал, инновацион фаолият билан боғлиқ йўналишлар деган мутлақо янги норма ва тушунчалар шулар жумласидандир. Эътиборлиси шундаки, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида аввалги, замон синовидан ўтган мукаммал нормалар сақлаб қолинган ҳолда таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти эркинлигини кенгайтиришни назарда тутувчи янги нормалар ва бошқа тушунчалар ўз аксини топмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, соҳани тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратади. Айниқса, фуқароларнинг хорижда таълим олиши, чет элда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олиниши, шунингдек, илк бор мамлакатимизда бутун умр таълим концепциясининг киритилиши каби масалаларнинг қонун лойиҳаси нормаларида илгари сурилиши таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.
Шундан сўнг парламент аъзолари китоб ва бошқа босма маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва саводхонлик маданиятини юксалтиришга кўмаклашувчи соҳа фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат, садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда китобхонлик ва китоб тарғиботини кучайтириш, ахборот-кутубхона фаолиятини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси ҳам ана шундай хайрли мақсадларни рўёбга чиқаришни кўзлагани билан аҳамиятлидир. Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши ёшларнинг маънавий-маърифий ва эстетик эҳтиёжларига мос сифатли китобларни нашр қилиш, китобларни қулай нархларда жойларга, шу жумладан, таълим муассасаларига етказиб бериш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, ўсиб келаётган авлодда болаликдан китобга меҳр уйғотиш, уларда электрон китобларни ўқиш қобилиятини шакллантириш – китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда атрофлича муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида хорижий давлатларнинг қонунларида болага нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари, уларнинг олдини олиш чоралари, жиноят процесси иштирокчилари ҳисобланган болаларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатларга оид нормалар атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси болага нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликларнинг барча турларини қамраб олмагани сабабли ушбу моддага давлат томонидан ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатларни содир этишга жалб қилишдан ҳимоялаш бўйича чоралар кўрилишини назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида давлат болага нисбатан эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш, улар содир этилишига сабаб бўлувчи омиллар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича чоралар кўришини белгиловчи қоида киритилмоқда.
Қизғин кечган баҳс ва тортишувлар чоғида мазкур қонуннинг қабул қилиниши жиноят процесси иштирокчиси ҳисобланган бола ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга, жиноят процессининг барча босқичларида вояга етмаганлар ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос яратиши қайд этилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.

 

ЎзА