Китобхонлар муносиб тақдирланди

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида “Энг китобхон Халқ таълими бўлими” лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари О.Ҳамроев, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари И.Ахмедов ва бошқалар иштирок этишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори, шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Жорий йил февраль-апрель ойларида ўтказилган “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг биринчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 706 та умумий ўрта таълим мактабидан 295 минг 414 нафардан зиёд ўқувчи иштирок этган бўлса, улар томонидан 209 минг 210 дона китоб харид қилинди. Натижада, 202 та умумий ўрта таълим мактаби ғолиб деб топилди ва уларга 12500 дона китоб бепул тақдим этилди. Шунингдек, уй шароитида таълим олаётган 1207 нафар ўқувчига китоб совға қилинди.
photo5454413161328388991.jpg
–Тадбир давомида китобхон ўқувчилар кўп эканлиги маълум бўлди, – дейди “Beruniy Kitob Dunyosi” масъулияти чекланган жамияти директори Ш. Охунжанов. – Лойиҳанинг биринчи босқичида китоб ярмаркаси билан бир қаторда ўқувчиларнинг қайси тилдаги ва қандай мазмундаги китобларни кўпроқ ўқиш истагини билиш мақсадида сўровнома ўтказилди ва улар келгуси босқичларда ҳисобга олинадиган бўлди.
Жумладан, лойиҳа доирасида ўқувчилар томонидан энг кўп талаб этилган 170 номдаги китоб қорақалпоқ тилига таржима қилинади ва катта адатда нашр этилади. Бундан ташқари, босқичма-босқич барча туманларда филиал ташкил этиш, Мўйноқ туманидаги “Китоб карвони” масъулияти чекланган жамияти негизида нашриёт ва босмахона фаолиятини йўлга қўйиш, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари”ни турли мазмундаги китоблар билан таъминлаб бориш, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ярмаркалар ўтказиш назарда тутилмоқда.
Тадбир якунида “Энг китобхон Халқ таълими бўлими” лойиҳасида ғолиб бўлган Мўйноқ ҳамда Тахтакўпир туманлари Халқ таълими бўлимларининг ҳар бири 5 миллион сўмлик ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидаги китоб жамланмаси билан тақдирланди. Шунингдек, энг кўп китоб ўқиб, Президент мактабига юқори натижа билан ўқишга кирган элликқалъалик ёш китобхон Саъдулла Ризаев рағбатлантирилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА