Ўзбекистон ҳарбийлари “Марказ-2019” ўқув машқларида иштирок этиш учун Россияга етиб борди

Россия Федерациясининг Оренбург вилоятига етиб борган ҳарбий хизматчилар ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакиллари 16-21 сентябрь кунлари “Марказ-2019” ҳарбий-стратегик ўқув машқларида қатнашади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, юздан зиёд ҳарбийларимиз Донгуз полигонида бўлиб турибди.
Бу ерда улар ҳарбий гуруҳларнинг келишилган ҳаракатларини биргаликда режалаштириш ва ташкил этиш масалаларини ишлаб чиқади ва махсус тайёргарликдан ўтади.
Машғулотларда, шунингдек, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия ва Тожикистон вакиллари ҳам иштирок этади.
Машқларнинг асосий босқичи Донгуз полигонида ўтади, Наманган вилоятидаги Ғурумсарой полигонида эса Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари биргаликда шартли террорчи гуруҳларни йўқ қилиш бўйича топшириқларни бажаради.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ҳарбийларининг “Марказ-2019” стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машқларидаги иштироки ҳарбий тайёргарлик бўйича тажриба алмашиш, бошқарув органлари ишини ва Марказий Осиё минтақасида барқарор вазиятни издан чиқаришга йўл қўймаслик бўйича биргаликдаги ҳарбий амалиётларни ўтказишда бўлинмалар ҳаракатини тартибга солишнинг ягона алгоритмини ишлаб чиқишга хизмат қилади.

 

ЎзА