Ўзбекистоннинг 4 та вилоятида пахтачилик бўйича глобал дастур тажрибаси қўлланилади

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича федерал вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида “Пахтачилик саноатида барқарор ривожланиш ва қўшилган қийматни ошириш“ глобал дастури ишга туширилди. Пойтахтимиздаги Radisson Blu меҳмонхонасида мазкур лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Вазирликнинг Қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва уларнинг мониторингини юритиш бошқармаси бошлиғи Рустам Мамажонов дастурни амалга ошириш орқали пахтани ижтимоий, экологик ва иқтисодий жиҳатдан барқарор ишлаб чиқариш, шу жумладан, мамлакатда дастлабки қайта ишлаш тизимининг ривожлантирилишига эришилишини қайд этди. Шу мақсадда дастур пахта етказиб бериш занжири бўйлаб стратегик иттифоқларни шакллантиради ва фермерларга ўз ишлаб чиқариш тизимини такомиллаштиришда ёрдам берувчи шерикларни қўллаб-қувватлайди.
photo_2019-09-08_12-59-34.jpg
Лойиҳа раҳбари Флориа Нитценгер ўз тақдимотида халқаро барқарорлик стандартларини жорий этишда асосий эътибор етиштириш ва қайта ишлаш тизимларига қаратилишини таъкидлади. Дастурнинг тажриба амалиёти Навоий, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятларида қўлланилиб, Ўзбекистон пахтачилик тармоғини халқаро савдо тармоқларига (қайта) бирлаштириш, пахта хом ашёсини етиштиришда ижтимоий, экологик ва иқтисодий барқарорлик мезонларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини кучайтириш, барқарор пахта саноати cоҳасида глобал тажриба алмашинувини кучайтиришга қаратилган.
Маълумот учун, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) бугунги кунда дунёнинг 120 мамлакатида фаолият юритади. Жамият Ўзбекистонда 1992 йилдан буён турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
photo_2019-09-08_12-59-36.jpg
photo_2019-09-08_12-59-38.jpg
photo_2019-09-08_12-59-40.jpg
photo_2019-09-08_12-59-48.jpg

 

ЎзА