Мазкур ўйинни хитойлик ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради.
Эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси катта манзил сари илк қадамини ташлайди. Эктор Купер устозлигидаги футболчиларимиз Жаҳон чемпионати-2022 иккинчи саралаш босқичини сафарда, Фаластин миллий терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.
“D” гуруҳининг 1-тур учрашувлари доирасидаги мазкур баҳсда терма жамоамиз аъзолари оқ рангдаги либосда ҳаракат қилади. Бош жамоамиз дарвозабони эса яшил рангдаги кийимда майдонга тушади. Рақибларимиз – Фаластин терма жамоаси эса қизил рангдаги формада тўп тепади.
Ушбу ўйинни бошқариш хитойлик ҳакамлар гуруҳига топширилган. Бош ҳакам – Фу Минг, қанотларда – Ҳуо Веиминг ҳамда Ванг Децин. Захира ҳаками вазифасини иорданиялик Арафа Муҳаммад бажаради. Учрашув назоратчи ҳаками ҳиндистонлик Баскар Пурушотаман, комиссар эса мальдивлик Шаҳир Аҳмед.
Хабарингиз бор, мазкур учрашув Ал-Рам шаҳридаги Фаластин терма жамоасининг уй ўйинларини ўтказадиган “Фаисал Ал-Ҳуссеини” стадионида ташкил этилади. Ўйин Ўзбекистон вақти билан соат 19:00да бошланади.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА