Меҳрибонлик уйига Президент совғаси топширилди

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! 
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони М. Ерниязов Хўжайли туманидаги 1-Меҳрибонлик уйида бўлиб, тарбияланувчилар ва устоз-тарбиячиларни мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги билан табриклади. Янги ўқув йилининг бошланиши билан қутлади. 
Мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Мустақиллик дарси” билан бошланди. Қорақалпоғистонда 1-синфга қабул қилинган 35 минг 718 нафар ўқувчига “Президент совғаси” берилди.
Бугунги кунда Оролбўйида 725 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, янги ўқув йили олдидан инвестиция дастури асосида 7 та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилди, 12 тасида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг учун 45,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида 30 та умумий ўрта таълим мактабида 53,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Мамлакатимизда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг таълим олиши, бўш вақтини мароқли ўтказишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Мана шундай эътибор ва ғамхўрлик натижасида жорий йилда 6 нафар тарбияланувчи олий ўқув юртига, 13 нафар тарбияланувчи академик лицейга ўқишга кирди.
Тадбир якунида Меҳрибонлик уйи жамоасига “Президент совғаси” – “Газель” автомашинаси ҳамда 1-синф ўқувчиларига совғалар топширилди.
Байрам кечаси Меҳрибонлик уйининг “Тонг ғунчалари” дастаси ва “Қарс” гуруҳининг концерт дастури билан давом этди.
13.jpg
3.jpg
6.jpg
28.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА