Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги битим бугундан кучга кирди

2019 йилнинг 2 cентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Беларусь Республикаси ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим кучга кирди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат 2018 йил 13 сентябр куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида имзоланган эди.

Мазкур ҳужжат божхона қонунчилиги бузилишини олдини олиш, суриштириш ва унга қарши курашишда ўзаро ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди. Ушбу битим доирасида икки мамлакат божхона органлари ҳудудларида амалдаги божхона қонунчилигини бузиш мақсадида фойдаланилгани ёки фойдаланилиши мумкинлиги тўғрисида маълумот ёки шубҳа мавжуд бўлган шахслар, товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида бир-бирларига маълумот тақдим этадилар.

Битим икки мамлакат божхона органлари ҳамкорлигини ривожлантириш ва кенгайтириш ҳамда божхона ҳуқуқбузарлигини олдини олиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга имкон беради.

 

ЎзА