Қораўзак – билимлар макони бўлади

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги иккита мактабда бўлиб, улардаги янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишди.
Мактаблар таъмирланган ва болаларни қабул қилишга шай бўлса-да, айрим камчиликлардан ҳоли эмаслиги қайд этилди. Хусусан, компьютер синфлари йўқлиги ўқувчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашига тўсқинлик қилишини инобатга олиниб, мактабларни компьютер ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилди.
2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсади инсон капиталини ривожлантириш бўлиб, бу борадаги ишлар айнан мактабдан бошланиши бежиз эмас. Президентимизнинг мактаблар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун етарли шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари замирида янги жамият барпо этиш мақсади турибди. Янги жамиятни эса илғор фикрлайдиган, илм-фан чўққиларини эгаллаган, кашфиётлар қилишга қодир ёшлар яратади. Бундай ёшлар мактабларда тарбияланади.
photo_2019-08-28_16-19-26 (2).jpg
Юртимизнинг чекка ҳудудларидан бўлган Қораўзак туманидаги 13- ва 25-умумтаълим мактаблари ўзига хос тарихга эга. Мазкур мактаблар битирувчилари бугунги кунда турли соҳаларда меҳнат қилмоқда. Ўқувчилар орасида фан олимпиадалари ғолиблари ҳам бор, уларнинг бир нечтаси бу йил Президент мактабларида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Эндиги мақсад шаҳардан 100 километр узоқда жойлашган ушбу мактаблар ўқувчиларини янада илмли, зиёли бўлишга ундаш, бунинг учун улардаги шароитни шаҳар мактабларидан қолишмайдиган даражага етказишдир.
Шу мақсадда 27 август куни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қораўзак туманидаги мазкур мактабларда бўлиб, вазирлик томонидан тақдим этилган ускуна ва жиҳозлар – 25 та компьютер, инновацион кутубхона материаллари, электрон қўнғироқ, робототехника тўпламлари, турли бошқотирма ўйинлари (тожмот, инновацион харита, кимёвий элементлар жадвали, QR book ва бошқалар)ни топширди.
Қораўзак овул фуқаролар йиғинида жойлашган 13-мактабда 47 нафар ўқитувчи 450 ўқувчига таълим беради. Мактаб директори Эркиной Бердиева ўқув йили арафасида мактабга берилган эътибор ўқувчиларнинг ахборот технологияларидан хабардор бўлиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмак беришини таъкидлади.
photo_2019-08-28_16-19-26.jpg
Мактабга компьютерларнинг берилиши таълимга ахборот технологияларини жорий этишда муҳим омил бўлади. Компьютер асосларини ўрганган, робототехника каби илм-фан ютуқларини ўзида мужассам этган истиқболли йўналишлар ҳақида тушунчага эга ёшларда ўзига бўлган ишонч ортади, янги билимларни эгаллашга иштиёқ пайдо бўлади.
Вазирлик томонидан мактабларга QLF (Quantitative light fluorescence – миқдорий нур флуоросценцияси) технологиясига асосланган Qscan ускунаси ҳам совға қилинди. Бу тишларнинг тозалик даражасини аниқловчи қурилма бўлиб, у тишларга ёпишиб қолган, аммо кўз билан кўриб бўлмайдиган овқат қолдиқларини, унинг таркибидаги бактериялар ажратаётган зарарли моддаларни аниқлаб, уни қизил рангда кўрсатади. Буни кўрган болаларда тишларни тўғри тозалашга, тиш хасталиклари ва уларнинг асоратлари пайдо бўлмасдан аввал стоматологга мурожаат қилишга рағбат ортади.
Эндиликда Қораўзакдаги мактабларда ўқув жараёни янада жонланади. Муҳими, ушбу мактабда таҳсил бераётган устозлар ҳам, ўқувчилар ҳам ўзларига бўлган алоҳида меҳр-эътиборни кўришди. Вазирлик мутасаддиларининг бу мактаблардан дунё танийдиган олимлар, кашфиётчилар етишиб чиқиши ҳақидаги тилаклари уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.
photo_2019-08-28_16-19-28.jpg

 

ЎзА