Депутатлар “Мудофаа тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди.
Парламент қуйи палатасининг 2019 йил 2 августда ўтган мажлисида депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг айрим нормаларига аниқлик киритиш, баҳсли нормаларни маромига етказиш мақсадида лойиҳани масъул қўмитага қайтарган эди. Ўтган вақт давомида лойиҳа парламент аъзолари томонидан мутасадди вазирликлар вакиллари, мутахассислар иштирокида жиддий кўриб чиқилди, депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида пишиқ-пухта ҳолга келтирилиб, маромига етказилди.
Лойиҳага фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда ички ишлар органлари, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи бошқа органлар ҳамда муассасаларга кўмаклашишга, бедарак йўқолган шахсларни қидиришда иштирок этишга доир хатти-ҳаракатларни тартибга солувчи нормалар киритилди. Бундан ташқари, лойиҳа билан фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашга доир фаолияти ички ишлар органлари томонидан мувофиқлаштирилиши белгиланмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат тартибини сақлашда ички ишлар органлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи бошқа органлар ва муассасаларга аҳоли билан яқин алоқаларни ўрнатиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шундан сўнг халқ вакиллари “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилдилар. Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда кейинги уч йил ичида мудофаа соҳаси – Қуролли Кучлар тизимида кенг ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан ҳаётимизга самарали татбиқ этилаётган Ҳаракатлар стратегияси негизида жаҳондаги ва минтақадаги мавжуд вазиятнинг ривожланиш динамикасини, шунингдек, устувор вазифа ва имкониятларимиз ҳисобга олиниб, янгиланган Мудофаа доктринаси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси илк бор очиқ хусусиятга эга мазкур доктринани қабул қилиш билан ҳарбий соҳада мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлашга доир принциплар ва ёндашувларни бутун дунёга эълон қилди. Натижада ҳарбий соҳада халқаро ҳамкорлик миқёси, ўзаро ишонч ва ўзаро тажриба алмашиш кўлами кенгайди, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги даражаси янги сифат босқичига кўтарилди. Кадрлар тайёрлаш тизими тубдан янгиланди. Жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар жорий этилди. Моддий-техник база янгиланди, армияни замонавий қуроллар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси, энг муҳими, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизими юксак поғонага олиб чиқилди.
Натижада ҳарбий хизмат чинакам шарафли касбга айланди. Халқ билан армиянинг бирлиги, якдиллиги амалда тўлиқ намоён бўлмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги “Мудофаа тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 12 июль куни биринчи ўқишда қабул қилинган эди.
Мажлисда қайд этилганидек, қонуннинг нормалари жаҳондаги ва минтақадаги вазиятнинг ривожланиши, эҳтимол тутилган таҳдидлар, миллий хавфсизликка бўлган хавф-хатарлар ва уларга қарши йўналтирилган мамлакатнинг салоҳияти, шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимизда мудофаа соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, қайта ишлаб чиқилган.
Эътиборлиси, ўтган вақт мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан лойиҳа иккинчи ўқишга тайёрланиб, маромига етказилди. Шунингдек, лойиҳадан ҳаволаки нормалар чиқарилиб, улар ўрнига тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди. Лойиҳани такомиллаштириш жараёнида Мудофаа вазирлиги мутахассислари билан ўтказилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда бир қатор жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, янги шароитларда Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсад ва вазифаларини белгилаб бериш, мамлакатимиз миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини инобатга олган ҳолда, давлат ҳарбий ташкилотини ривожлантириш вазифалари ва йўналишларини аниқлашга устувор вазифа сифатида қаралди.
Депутатларнинг фикрича, янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги қонунчилик тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг мудофаа соҳасида очиқлигини кенг намоён этиш баробарида, юртимиз суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлиги ҳимоя қилинишини таъминловчи сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа тусдаги чора-тадбирлар тизимини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтаришга замин яратади.
Тадбирда ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини, аввало, ҳарбий хизматчиларга, қолаверса, халқимизга, ёшларга етказиш лозимлиги, бунда парламент вакиллари Мудофаа вазирлиги мутасаддилари билан биргаликда ҳарбий қисм ва муассасаларда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Матбуот хизмати

 

ЎзA