Ассалому алайкум!
Азиз ватандошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Бугун сиз, азизлар билан гўзал Ўзбекистон диёрида, “Ер юзининг сайқали” деб ном олган қадимий ва бетакрор Самарқанд шаҳрида кўришиб турганимдан бахтиёрман.
Барчангизни “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Мана, йигирма икки йилдирки, биз бу фестивални ЮНЕСКО раҳнамолигида ўтказиб келмоқдамиз.
Бугун ушбу ташкилотнинг Бош директори Одри Азуле хоним юртимизга шахсан ташриф буюриб, анжуманимизга алоҳида файз ва кўтаринки руҳ бағишлагани учун самимий миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, тантанамизда қатнашаётган фахрий меҳмонларимиз:
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедевга, Россия Федерацияси Президентининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Владимир Толстойга, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Ақтўти Раимқуловага, Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқуловга, Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзодага, Туркманистон маданият вазири Атагелди Шамурадовга, Бангладеш Халқ Республикаси маданият вазири Муҳаммад Холидга, Бутан Қироллиги маданият ва ички ишлар вазири ШерубГйелтшенга, Польша Республикаси маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари Павел Левандовскига, Буюк Британия Парламенти Лордлар Палатаси аъзоси Муҳаммад Илтоф Шайхга, Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси сенатори Екатерина Дуловага, Япониянинг Нара шаҳри мэри Мотонобу Накагавага, Корея Республикаси Андонг шаҳри мэри Квон Ёнг Сега, Лал Баҳодур Шастри институти раиси, Ҳинд – ўзбек дўстлик алоқалари кенгаши президенти Анил Шастрига, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги муҳтарам элчилари ва вакилларига, фестивалимизни жаҳон миқёсида ёритиш мақсадида юртимизга келган оммавий ахборот воситалари ходимларига чуқур ташаккур изҳор этаман.
Бугунги анжуманимизга дунёнинг барча қитъаларидаги 75 та давлатдан 340 нафар азиз меҳмонимиз иштирок этмоқда.
Биз ушбу таниқли маданият арбоблари, машҳур ижодий гуруҳлар ва истеъдод соҳибларини санъатнинг чинакам фидойилари, тинчлик ва эзгулик элчилари сифатида ҳурмат қиламиз ва юксак қадрлаймиз.
Хуш келибсиз, гўзал Ўзбекистонимизга,
Хуш келибсиз, муаззам Самарқанд шаҳрига!
Ҳурматли фестиваль иштирокчилари!
Ҳаммамизга яхши маълум, дунёнинг кўплаб қитъа ва минтақаларида турли санъат ва мусиқа анжуманлари ўтказиб келинади.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали улар орасида ўзининг алоҳида ўрни, шуҳрати ва мақоми билан ажралиб туради.
Ушбу фестиваль сабабли бугунги кунда афсонавий Самарқанднинг узоқ ўтмишини акс эттирадиган мунаввар кошоналари, муаттар ҳавоси билан бирга, бу муқаддас заминдан таралаётган дилбар ва мафтункор тароналар ҳам дунё аҳлини ўзига чорламоқда.
Ўтган салкам чорак аср давомида Самарқанднинг мовий гумбазлари, юлдузли осмони остида қанчадан-қанча сеҳрли наволар, ҳаётбахш оҳанглар янгради.
Фестиваль ўнлаб машҳур хонанда ва созандалар, ноёб ёш истеъдодларни кашф қилди, уларнинг парвозига қанот, куч ва илҳом бағишлади.
Энг муҳими, ушбу анжуман турли цивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий ҳамкорлик ҳамда мулоқот майдонига айланди.
Биз бу фестивалнинг замирида улуғ ўзбек мутафаккир шоири Алишер Навоий бобомизнинг, олам аҳли, ҳамиша бир-бирингизга дўст бўлинг, Ер юзини ўз меҳнатингиз, истеъдодингиз билан обод қилинг, деган мазмундаги ўлмас даъвати мужассам эканини кўрамиз.
Айни пайтда буюк француз адиби Виктор Гюгонинг “Эзгулик ва ҳамжиҳатлик – инсон маънавий оламининг қуёшидир” деган ҳикматли сўзлари мана шундай юксак ғоялар билан уйғун ва ҳамоҳангдир.
Бу фикрлар бундан неча юз йиллар аввал айтилган бўлса-да, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмасдан, бизнинг қалбларимизда, юракларимизда акс садо бермоқда.
Мана шу юксак саҳнага – кўркам ва муҳташам Регистон майдонига қадам қўйган ҳар бир санъаткор, миллати, тили ва динидан қатъий назар, башарият фарзанди сифатида дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди.
Бунинг учун сизларга чин юракдан ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди.
Имкониятдан фойдаланиб, бир масалага муносабатимни билдириб ўтмоқчиман.
Барчангиз гувоҳсиз, шу кунларда генератив мусиқа, сунъий интеллект ҳақидаги баҳслар қизғин тус олмоқда. Келажак мусиқасини энди фақат техника яратади, деган башоратлар илгари сурилмоқда.
Лекин ҳаммамиз яхши биламизки, ҳар қандай мукаммал техника воситаси ҳам тирик инсон нафасини, унинг юрак нолаларини, жонли овоз жозибасини, чинакам санъат ўрнини ҳеч қачон босолмайди.
Ҳақиқий санъатни, соф ва боқий мусиқани фақат Парвардигори оламнинг марҳамати билан ҳазрати Инсон яратади.
Сайёрамизда турли келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар, уруш ва низолар авж олган таҳликали замонда, одамзот тобора ўз дунёсига ўралиб бораётган бир шароитда мусиқа инсонга инсонлигини эслатиб, унинг қалбида келажакка умид ва ишонч уйғотади.
Мусиқа санъати маданий феномен сифатида янги авлодни тарбиялаш ва камолга етказиш борасида чексиз имкониятларга эгадир.
Санъат билан ошно бўлган ёшларнинг ҳаётга муносабати, миллий урф-одат ва умумбашарий қадриятларга ҳурмати баланд бўлади.
Ва мен ишонаман, улар дунёни маънавий таназзулдан қутқаришга қодир бўлган, ўзаро аҳиллик ва бирдамликни улуғловчи авлод бўлиб майдонга чиқади.
Шу маънода, мусиқа – ҳеч нарса билан ўлчаб, солиштириб бўлмайдиган беқиёс илоҳий таъсир кучига эга десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Муҳтарам меҳмонлар!
Бугун биз мамлакатимизда миллий тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўймоқдамиз.
Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган жадал ўзгариш ва янгиланишлар маданият ва санъат соҳасида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида орттирган тажрибамизга таянган ҳолда, биз биринчи марта Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжуманини, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказдик.
Сентябрь ойида Қўқон шаҳрида Халқ амалий санъати халқаро фестивалини ўтказишга катта тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Ушбу анжуманлар ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, Халқаро фольклор санъати ташкилоти сингари нуфузли тузилмалар, сизлар каби санъат жонкуярлари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани учун барчангизга раҳмат айтмоқчиман.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда юзлаб мусиқа ва санъат мактаблари, академик лицейлар, олий ўқув юртлари, кўплаб театрлар, тасвирий санъат ва концерт заллари фаолият олиб бормоқда.
Ўйлайманки, сизлар ана шу ижод масканларига ҳам ташриф буюриб, ёшларимиз учун маҳорат дарслари бўлиб хизмат қиладиган учрашув ва суҳбатлар ўтказасиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман.
Агар сизларда юртимиздаги консерватория ёки ўқув юртларида ёшларга сабоқ бериш нияти туғилса, сизларни шахсан ўзим қўллаб-қувватлайман.
Муҳтарам фестиваль қатнашчилари!
Санъатни, куй-қўшиқни севадиган, ижод аҳлини муносиб қадрлайдиган эл-юртимиз ушбу анжуманни қувонч билан кутиб олмоқда.
Тубдан янгиланаётган Ўзбекистон билан яқиндан танишув, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз билан учрашув ва мулоқотлар Сизларда, албатта, ўчмас таассурот қолдиради, деб ишонаман.
Фестиваль доирасида бўлиб ўтадиган “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ишига ҳам омадлар тилайман.
Бу ажойиб нафосат байрамини юқори савияда ўтказиш мақсадида фидокорона меҳнат қилган барча инсонларга, меҳмондўст ва олижаноб Самарқанд аҳлига анжуман иштирокчилари ва бутун халқимиз номидан самимий миннатдорчилик изҳор этаман.
Қадрли дўстлар!
Азиз меҳмонлар!
Мусиқа санъатига садоқатингиз, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлидаги меҳнату маҳоратингиз, улкан ҳиссангиз учун барчангизга яна бир бор чексиз эҳтиромимни билдираман.
Янги ижодий ютуқлар, миллионлаб мухлисларнинг олқиши ва меҳр-муҳаббати сизларга ҳамиша ёр бўлсин!
Жаҳонда тинчлик, халқлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ришталари барқарор бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.