Муносабат

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифидан

 кейинги ўйлар

 

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ҳар галги ташрифи халқимизнинг катта қувончига, қалбларида чексиз орзу-умид ва мақсадлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Айниқса, халқимиз давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга  20-21 август кунларидаги ташрифи тўғрисида Интернет сайтлари орқали хабар топиб, унинг келишини интизорлик билан кутдилар.

— Президентимиз келса юртимизга мўл ризқ-барака, фаровонлик, тўкин-сочинлик келади, — деб қувонди оқсоқолларимиз.

Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи ёз фаслида бўлгани айни муддао бўлди. Президент ўзининг ташаббуси билан Мўйноқда олиб борилган бунёдкорлик ишларининг самараси, Орол инқирози туфайли неча йиллаб эътибордан четда қолган бу шаҳарнинг гуллаб-яшнаб турганлигини, пойтахтимиз Нукус шаҳрининг яшил арчалари, ранг-баранг гуллари, мовий фавворалари, кўркам ва замонавий бинолари, кенг ва равон кўчаларини ўз кўзи билан кўрди, деб қувонди оналар.

Ҳамма Қорақалпоғистонда янгилик, ўзгаришлар бўлаётганини чин дилдан ҳис қила бошлади… Мен давлатимиз раҳбарининг Мўйноқ тумани Маданият марказидаги фаоллар билан учрашувида иштирок этдим. Президентимиз ташаббуси билан янгиланиб, яшараётган Мўйноқни бориб кўрмаган нуронийлар, халқ депутатлари, турли соҳа вакиллари Мўйноққа ташриф буюриб, у ердаги бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлдилар.

– Мен Мўйноқни кичик бир посёлка деб тасаввур қилар эдим, -дейди амударёлик Санобар Хўжамуратова. – Кўз олдимда замонавий шаҳар намоён бўлди. Бу ерда ҳамма нарса бор экан.

Бу мен учун бир мўъжиза эди. 8 та боғча, 7 та мактаб, 4 жойда спорт, 6 та тиббиёт ва 8 та маданият иншоотлари… Қойилман, замонамиз зайлига, юртимиз раҳбарининг халқимизга бўлган меҳрига рахмат.

Албатта, ўзини шу юртнинг фарзандиман, деган ҳар бир киши амалга оширилаётган ишлардан фахрланади, ғурурланади, эътироф этади. Аммо, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунмайдиган ёки ютуқларимизни кўра олмайдиган баъзи кимсаларнинг «мақтовларга роса устамон бўлиб кетдик, сал нарсага маддоҳлик қиладиганлар кўпайиб кетяпди», деган сўзларига Интернет сайтларида кўзимиз тушади.

Одам бундай кимсаларга ачинар экан. Улар юрт янгиланаётгани кенг кўламли ва мислсиз бунёдкорлик ишлари ҳаётимиз мазмунини гўзаллаштириб юборганини англай олмаяпти. Лекин ҳақиқат олдида халқимизнинг юзи ёруғ. Одамларимиз  яратувчанлик жараёнларида фаол иштирок этаяпти, янгиланган юрт бахтидан қувоняпти, ҳақиқатни айтиб мақтансак арзийди, деб ҳақиқатнинг юзига тик боқаяпти. Буни мутлақо ўзгарган, янгиланган Мўйноқнинг жаннатдай жамоли мисолида қайта-қайта таъкидлашга ҳаққимиз бор.

Бу ҳақиқатни Президентимизнинг Мўйноқдаги фаоллар йиғилишида “ Мўйноқда рўй бераётган ўзгаришлар, кўзларингиздаги ҳаётдан мамнунлик кишини қувонтиради. Бу узоқ-узоқ ҳудудларга бориб қилаётган ишларимиз натижасидир. Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин” деб таъкидлаганида ҳам яққол кўрдик.

Шу ўринда Мўйноқдаги ўзгариш ва янгиланишлардан нафақат Қорақалпоғистон халқи, балки, бутун Ўзбекистон халқи мамнун ва ҳаяжонда десак муболаға бўлмайди. Биз буни “Қорақалпоқ адабиёти” газетасига Мўйноқ, Орол мавзусида бошқа вилоятлар фуқароларидан,  ҳаваскор шоирлардан келаётган асарлар, муносабатлар орқали биламиз. Улар Орол бўйида бўлаётган ишлар худди ўзининг маҳалласида, ўзининг қишлоғида бўлаётгандай қувониб ёзишади. Бу нимадан далолат беради? Мўйноқда бўлаётган ўзгаришлардан бутун Ўзбекистон халқи руҳланмоқда, илхомланмоқда.

Қорақалпоғистон катта имкониятлар юрти. Бу имкониятлардан режа билан, мақсадли фойдалансак, Қорақалпоғистон иқтисоди янада ривожланади. Садоқат, фидоийлик, ватанпарварлик билан ёндашиш  катта кўламдаги ишларнинг албатта самарали бўлишини  таъминлайди.

Нукусда ўтган фаоллар йиғилишида давлатимиз раҳбари бир қатор масалаларни ниҳоятда бағрикенглик, донолик билан узоқни кўзлаб ўрганганлигини ҳис қилдик.Ўртага ташланаётган катта-катта муаммолар, уларнинг ечимига доир аниқ таклифлар ва вазифалар, ҳамма-ҳаммаси Қорақалпоғистон ва унинг эртанги куни янада обод, янада фаровон, аҳоли дастурхони янада тўкин-сочин бўлиши учун хизмат қилади.

Президентимиз ҳар бир йўналишда назарда тутилган масалаларга алоҳида тўхталиб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисослаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Жумладан, Қораўзак тумани қурилиш материаллари, Беруний, Хўжайли, Нукус туманлари мева-сабзавотчилик, Тахтакўпир чорвачилик, Шуманай паррандачилик, Элликқалъа узумчилик ва туризм, Мўйноқ балиқчилик ва чорвачилик, Кегейли чорвачилик, қизилмияни қайта ишлаш ва қоғоз саноати, Қанликўл тумани дуккакли экинлар ва шоли етиштиришга ихтисослаштирилиши қайд этилди.

Қўнғирот туманини нефть-кимё саноати ва чорвачиликка, Чимбойни қизилмия етиштириш ва қайта ишлашга, Тўрткўлни шиша, ойна ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, Амударё туманини боғдорчилик, тўқимачилик ва пиллачиликка, Нукус шаҳрини эса фармацевтика ва электротехникага ихтисослаштириб, Тахиатош туманини саноат ишлаб чиқариш ҳудудига айлантириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Қорақалпоғистонда илм-фан, мактаб таълими, маданият, санъат, туризмни ривожлантиришнинг ҳам янги истиқболлари белгилаб берилди.       “Катта-катта иморатлар, замонавий техника билан мақтаниш керак эмас. Ақлли, билимли, фидойи фарзандларни тарбияласак, улар Ватанга садоқат билан хизмат қилса, энг катта бойлик, бахт мана шудир”- деди давлатимиз раҳбари.

Айниқса, Президентимизнинг “Қорақалпоғистонда ҳамма соҳада ўзгариш бўлаяпти. Бунинг замирида шу заминда яшаётган буюк халқнинг меҳнати, интилишлари мужассам. Сизлар билан биргаликда катта ҳаракат бошладик. Ҳар бир ҳудуднинг дардини ўрганайлик, ҳар бир инсоннинг қалбига кириб борайлик, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайлик, деб чуқур ислоҳотларни амалга ошираяпмиз. Одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак” деган эътирофлари ҳамманинг кўнглини кўтарди.

Дарҳақиқат давлатимизнинг раҳбарининг ҳар бир сўзида Қорақалпоғистон диёрига бўлган меҳри дарёдай тошиб турганлигини халқимиз чин дилдан ҳис қилмоқда.

Ушбу ташриф доирасида белгилаб берилган устувор вазифалар барча соҳаларда янги мақсадларнинг амалга ошиши учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

Бир сўз билан айтганда Президентимизнинг Қорақалпоғистонни, Мўйноқни ривожлантириш борасида илгари сурган ғоя ва ташаббуслари, улар асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар қорақалпоғистонликларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Гулистон Аннақиличева,

Қорақалпоғистон халқ шоири,

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.