Қорақалпоқ давлат Қўғирчоқ театрида “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Ватанимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги байрамига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтган танлов ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда ҳудуддаги ижодкорлар, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари сўнгги йилларда Оролбўйида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижодкорларга яратилган шарт-шароитлар ва уларни рағбатлантириш борасида ўтказилаётган тадбирларнинг мазмун-моҳиятига тўхталишди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, журналистика соҳасида “Қўнғирот ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Г. Қоражанова, “Еркин Қарақалпақстан” газетаси бўлим муҳаррири С.Турдибекова, “Вести Каракалпакстана” газетаси махсус мухбири Х. Халилаева, адабиёт йўналиши бўйича ёзувчи А. Султанов, телерадио йўналиши бўйича Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси муҳаррири Х. Султамуратова, тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича “Қорақалпоғистон” нашриёти оператори Т. Қосназаров, “Билим” нашриёти ходимлари А. Отағуллаева, М.Жумашев ва бошқалар ғолибликни қўлга киритди.
– Туманимиз ҳудудидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси, Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси нафақат Оролбўйидаги, балки мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан ҳисобланади, – дейди танлов ғолиби, “Қўнғирот ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Гулистон Қоражонова. – Ушбу корхонадан тайёрлаган қатор репортажларим учун байрам арафасида ғолиб бўлдим.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА